Мухтор Назиров: Ўзбек ва корейс халқларини яқинлаштирган муштарак қадриятлар
Баъзан мамлакатларни бир-бирига яқинлаштирадиган омил фақат географик масофа ёки иқтисодий манфаатлар билан ўлчанмайди. Тарихий хотира, халқларнинг меҳнатга, таълимга ва тараққиётга муносабати, энг муҳими, ўзаро ишонч ҳам давлатлар ўртасида мустаҳкам ришталарни шакллантиради. Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари ана шундай муштарак қадриятлар замирида тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорликнинг ёрқин намунаси, десак янглишмаймиз.
ЎзА “Дунёга назар” таҳлилий дастурида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Мухтор Назиров Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатларининг бугунги ҳолати ва ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари хусусида фикр билдирди.
– Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар ҳақиқатан ҳам вақт синовидан ўтган. Маълумки, халқаро муносабатларда ҳар бир ўлка аввало, ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилади. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг узоқ йиллар давомида изчил ривожланиб келаётгани ҳам икки томон учун бирдек манфаатли, албатта.
Ватанимиз бугун Марказий Осиёда Жанубий Кореянинг ишончли ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги халқаро муносабатларда давлатлар ташқи алоқаларини диверсификация қилиш, ҳамкорлари доирасини кенгайтириш ва шу орқали ўз ташқи сиёсий муҳитини янада барқарорлаштиришга интилмоқда. Шу нуқтаи назардан, минтақамизнинг ўсиб бораётган демографик ва иқтисодий салоҳияти Корея Республикаси учун ҳам катта аҳамият касб этади.
Айниқса, бугун транспорт ва логистика масалалари халқаро иқтисодий муносабатларда биринчи ўринга чиқаётган бир пайтда ҳамкорлик йўналишларини янада кенгайтириш учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Меҳнат миграцияси, ижтимоий соҳа, саноат ва иқтисодий жиҳатдан манфаатли қўшма лойиҳалар шулар жумласидан.
Авваллари мамлакатларимиз ўртасидаги йирик лойиҳалар кўпроқ энергетика ёки муайян технологик соҳаларда мужассамлашган бўлса, бугун уларнинг қамрови тобора кенгаймоқда. Хусусан, металлургия ва нодир металлар соҳасидаги ҳамкорлик катта истиқболга эга. Чунки глобал технологик тараққиёт шароитида нодир металларнинг стратегик аҳамияти кескин ортиб, улар замонавий иқтисодиётнинг энг муҳим ресурсларидан бирига айланмоқда.
Ушбу интервьюни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
Ў.Алимов, И.Исматов (видеомуҳандис),
ЎзА