Фармацевтика: янги стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари ҳар йили янги амалий мазмун билан бойитиб борилмоқда. Айниқса, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида соғлиқни сақлаш, фармацевтика, космецевтика ҳамда илғор тиббий технологиялар йўналишидаги икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Агентлик директори Абдулла Азизов бошчилигидаги делегациянинг Жанубий Кореяга амалга оширган навбатдаги сермаҳсул ташрифи доирасида эришилган келишувлар, имзоланаётган меморандумлар ҳамда йирик инвестиция лойиҳалари шубҳасиз, мамлакатимиз тиббиёт ва фармацевтика саноатини жадал модернизация қилишга хизмат қилади.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бошчилигидаги делегация Корея Косметика Ассоциацияси (Korea Cosmetics Association — KCA) вице-президенти Ён Чжэ Хо билан музокаралар ўтказди. Шунингдек, Кореянинг етакчи косметика компаниялари вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Мулоқотлар давомида Ўзбекистонда космецевтика соҳасини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар, эркин иқтисодий зоналар имкониятлари ҳамда инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди.
Томонлар KCA аъзоси бўлган етакчи Корея компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилиш, Ўзбекистонда юқори технологик косметика ва космецевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, OEM/ODM модели асосида шартномавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди.
Корея компанияларига мамлакатимизда шаклланаётган замонавий фармацевтика ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш истиқболлари ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунида томонлар космецевтика соҳасига замонавий технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, технологиялар трансфери ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Маълумот учун: Korea Cosmetics Association (KCA) 1949 йилда ташкил этилган бўлиб, Жанубий Кореядаги косметика ишлаб чиқарувчилари ва экспортчиларини бирлаштирувчи йирик нодавлат ташкилот ҳисобланади. Ассоциация таркибига 300 дан ортиқ компания кирган бўлиб, улар мамлакат косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариши ва экспортининг 80 фоиздан ортиқ қисмини таъминлайди.
***

Шунингдек, Абдулла Азизов бошчилигидаги делегация Корея Экспорт-импорт банки (KEXIM) Евроосиё департаменти бош директори Хван Ин Хо (Hwang Eunho) билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида «BioPharma City» кластери қурилишининг учинчи босқичи доирасида BioGen Миллий сунъий интеллект тадқиқот марказини ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди. Томонлар мазкур марказни биофармацевтика, биотехнология ва сунъий интеллект йўналишларида илмий-тадқиқотларни ривожлантириш, инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш ҳамда юқори технологик ишланмаларни яратишга хизмат қилувчи замонавий илмий платформа сифатида шакллантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Лойиҳани молиялаштириш ва амалга оширишнинг ташкилий механизмлари, замонавий илмий-тадқиқот инфратузилмасини яратиш ҳамда Кореянинг илғор технология ва тажрибасини жалб этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида лойиҳани амалга ошириш бўйича икки томонлама Ҳамкорлик меморандуми имзолашга келишиб олинди. Мазкур ташаббус «BioPharma City» кластерида замонавий илмий-инновацион экотизимни шакллантириш, сунъий интеллект технологияларини биофармацевтика ва биотехнология соҳаларига кенг жорий этиш ҳамда Ўзбекистон – Корея илмий-технологик ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўладию
***

Делегация аъзолари Ўзбекистон – Корея бизнес форумида ҳам иштирок этди. Форумда Корея Республикаси Ҳукумати вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар иштирокида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги инвестиция ташаббусларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида фармацевтика ва косметика соҳасида фаолият юритувчи MIBA компанияси раҳбарияти билан алоҳида музокаралар ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистонда фармацевтика ва космецевтика саноатини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар, инвестициявий имтиёзлар ҳамда «BioPharma City» фармацевтика кластери салоҳияти тақдим этилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб этиш ва замонавий технологияларни жорий қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида MIBA компанияси раҳбарияти ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида мамлакатимизга таклиф этилди.
***

Хизмат сафарт доирасида тиббиёт, фармацевтика ва тиббий технологиялар соҳасида фаолият юритувчи етакчи ташкилотлар ва компаниялар билан қатор учрашувлар ўтказилди.
Хусусан, Корея тиббий буюмлар ассоциацияси (Korea Medical Devices Association — KMDA) президенти Ли Ён Гю (Lee Young-gyu) билан мулоқотда тиббий ускуналар, диагностика, реабилитация ва Medical IT технологияларини Ўзбекистонга трансфер қилиш, шунингдек, ассоциацияга аъзо 730 дан ортиқ компанияни мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва инвестиция лойиҳаларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Кореянинг йирик фармацевтика ва косметика компаниялари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувларда эса Ўзбекистонда фармацевтика ва косметика саноатини ривожлантириш, етакчи корейс брендларини мамлакатимизга жалб қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Компания раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Делегация Кореянинг нуфузли тиббиёт муассасалари – Yonsei University Severance Hospital ва Asan Medical Center раҳбарияти ҳамда соҳа экспертлари билан ҳам музокаралар ўтказди.
Мулоқотларда замонавий тиббиёт марказларини лойиҳалаш ва бошқариш, илғор тиббий технологияларни жорий этиш, шифохоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда Кореянинг илғор тажрибасини Ўзбекистон амалиётига татбиқ этиш йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўтказилган учрашувлар Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигини тиббиёт, фармацевтика ва тиббий технологиялар соҳаларида амалий мазмун билан бойитиш, инвестициявий лойиҳаларни кенгайтириш ва илғор технологиялар трансферини жадаллаштириш учун муҳим замин яратмоқда.
Жанубий Кореянинг етакчи ассоциациялари, тиббиёт марказлари ва йирик компаниялари билан ўтказилган музокаралар Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини яна бир бор намоён этди. Корея Республикасининг илғор тажрибаси, замонавий технологиялари ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларини мамлакатимизга жалб этиш орқали янги қўшма корхоналар ташкил этиш, юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш учун кенг имкониятлар очилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар истиқболда юртимизда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва Ўзбекистон – Корея илмий-технологик ҳамкорлигини янги муваффақиятли босқичга олиб чиқишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА