Стартапчилар фабрикадаги реал муаммоларни ўрганди
Пойтахтимизда Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан "StartupFest" лойиҳаси доирасида биринчи саноат хакатони бўлиб ўтди.
Бугунги кун стартапчиларидан фақатгина чиройли тақдимотлар эмас, балки йирик саноат корхоналарининг реал муаммоларига аниқ ва самарали ечимлар таклиф этиш талаб қилинмоқда.
50 нафар стартапчи 10 та жамоага бўлиниб, "Имзо" фабрикасидаги ишлаб чиқариш жараёнларини ўрганди. Корхонанинг реал муаммоларини аниқлаб, бир кун ичида амалий ечимлар ишлаб чиқди.

Кун якунида энг яхши 3 та лойиҳа аниқланди. Жумладан, Binova — қурилиш материалларини сотиш иловаси. Мижозлар илова орқали тўғридан-тўғри "Имзо"га буюртма бера олади. Imzo AI — барча тил ва шеваларга мослашадиган алоқа оператори. Мижозга мос маҳсулотни танлаб, маркетинг ва сотувга ёрдам беради.
UniFactory — сифат назорати ва логистика жараёнларини янада ривожлантиришга қаратилган ечим. Ғолиб лойиҳалар “Имзо” билан пилот ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Ёш авлод вакиллари фабриканинг автоматлаштирилган ишлаб чиқариш занжири, роботлаштирилган тизимлари ва логистика жараёнлари билан яқиндан танишиб, асл оғриқли нуқталарни ўрганиш имконига эга бўлди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бундай лойиҳалар ёшларни реал муаммолар устида ишлаш, инновацион ечимлар яратиш ва ўз ғояларини амалиётда синаб кўришга ундайди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА