Фармацевтика: коррупцияга қарши курашишнинг янги чора-тадбирлари белгиланди
Коррупцияга қарши курашиш — барчамизнинг умумий вазифамиз
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида коррупциянинг олдини олиш, ҳалоллик ва шаффофлик муҳитини мустаҳкамлаш, шунингдек, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва уларга йўл қўймаслик борасида тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни янада кучайтириш мақсадида Агентликнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ички идоравий ҳужжатлари мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Хусусан, Агентлик директорининг 2026 йил 10 июлдаги 78-сон буйруғи билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ички ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, 2026 йил 24 августдаги 93-сон буйруқ билан тасдиқланган янги Одоб-ахлоқ қоидалари ижро учун Агентлик ва унинг тизим ташкилотларига юборилди.
Қабул қилинган мазкур ҳужжатлар тизимда ҳалоллик, очиқлик ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган.
Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари, жумладан, GxP инспекциялари билан ишлаш жараёнида коррупциявий ҳолатларга дуч келинганда ишонч телефонлари орқали мурожаат қилиш мумкин.
М.Қосимова, ЎзА