Фармацевтика: GMP – узлуксиз ривожланиш
Уфа шаҳрида ўтказилган IX “Бутунроссия GMP конференцияси“да 25 давлатдан ташриф буюрган соҳа вакиллари жумладан, ўзбекистонлик экспертлар қаторида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мутахассислари иштирок этди.
Тадбиринг биринчи кунида экспертлар соҳани тартибга солиш тизимларини такомиллаштириш, дори воситаларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун тартибга солиш тизимининг тайёрлик мезонлари, дори воситаларининг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашда маҳаллий ишлаб чиқариш стратегияларини муҳокама қилди.
Вакилларимиз тадбирнинг иккинчи кунида халқаро GMP стандартларидаги сўнгги ўзгаришлар, соҳани тартибга солиш тизимини ривожлантириш векторлари, интерактив таълим интенсив фармацевтика корхоналарида ички GMP аудитининг долзарб жиҳатлари, “GMP амалиётларда: фойда ва рисклар. Халқаро тажриба“ мавзуларидаги маъруза ва тақдимотлар билан танишди.
12 та тематик сессия ва учта мастер-классни ўз ичига олган бу йилги конференция “GMP – узлуксиз ривожланиш” шиори остида ўтказилди.

Мулоқот давомида экспертлар турли даражадаги халқаро ҳамкорлик масалалари ва GMP инспекциялари ўртасида ўзаро ишонч ва эътирофни ошириш, тартибга солувчи тўсиқларни камайтириш ва мамлакатлар ўртасида манфаатли муносабатларни ўрнатиш бўйича умумий ёндашув ва талабларни ишлаб чиқиш нуқтаи назаридан глобал ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилди.
Маълумот учун, 2016 йилдан буён ўтказиб келинадиган мазкур анжуман ҳар йили фармацевтика соҳасидаги етакчи халқаро экспертларни, Давлат назорат органлари вакилларини, фармацевтика ишлаб чиқариш менежерлари ва мутахассисларини, сифат менежменти тизимлари ва илғор ишлаб чиқариш амалиёти соҳасидаги экспертларни бирлаштиради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА