Фарғоналиклар деҳқончилик қилиш учун АҚШга боради
"Head Honchos LLC" компанияси АҚШнинг қишлоқ хўжалиги, фермер хўжаликлари, ландшафт хизматлари ва бошқа мавсумий соҳалари учун хорижий ишчиларни танлаш, иш берувчилар билан мувофиқлаштириш ҳамда Ҳ-2А ва Ҳ-2Б меҳнат визаларини расмийлаштириш йўналишида катта тажрибага эга.
Бугун Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров АҚШнинг "Head Honchos LLC" компанияси президенти Тодд Миллерни қабул қилди.
Учрашувда Фарғона вилоятидан АҚШга қишлоқ хўжалиги соҳасида қонуний, хавфсиз ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясини йўлга қўйиш, мавсумий иш ўринларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Фарғоналик деҳқонларнинг Америка далаларида ишлаши учун меҳнат миграциясини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш, номзодларни саралаш, уларни тил ва касбий тайёргарликдан ўтказиш, АҚШ иш берувчилари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда фуқароларни қонуний меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш лозим эди.

– Бу масалалар аввало ҳамкорликда, қолаверса, асосан биз томондан бажарилади, – деди таклиф қилувчи компания раҳбари. Шунингдек, Тодд Миллер Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижаларни юқори баҳолаб, ҳудуднинг аграр салоҳияти АҚШнинг мавсумий меҳнат бозори эҳтиёжларини таъминлашда муҳим ўрин тутиши мумкинлигини таъкидлади.
Тез кунларда Америкадан “Фарғона боғи” ёки “Фарғона фермер хўжалиги” ташкил топгани ҳақида хабарлар келса ажабланманг. Бугун унинг пойдевори яратилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири