Фарғоналиклар чилги ҳосил етиштиришни бошламоқда
Фарғона вилояти пиллакорлари жорий йилда 39 минг 168 қути ипак уруғини парваришлаб, 2 минг 233 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштиришни мақсад қилган.
Пиллачилик қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бўлиб йилдан йилга ривожланмоқда.

Айни пайтда тизимдаги корхоналар экспорт ва инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳада аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси сифатида табиий ипак хом ашёси етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилиш кўлами кенгаймоқда.

–Ипак қурти уруғи етиштириш тўлиқ маҳаллийлаштирилиб, чилги ҳосил баракасини таъминлаш мақсадида замонавий лабораториялар ташкил этилди, – дейди Фарғона вилояти “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мақсуджон Қосимов. – Бу йил вилоят бўйлаб ипак қурти уруғи 390 та инкубаторияларга жойлаштирилди.

Ҳар бир килограмм пилла учун ўртача 24 минг 700 сўмдан нақд пул тўланади. Белгиланган имтиёзга кўра, пилла ҳосилининг ҳар бир килоси учун 5 минг сўмдан субсидия берилади. Ўз навбатида ҳар бир қурт боқувчи бир йиллик иш стажига эга бўлади. 2022 йил ҳосили учун вилоятда 8 та пиллачилик кластери 4 минг 923 та фермер хўжаликлари ҳамда 39 минг нафардан зиёд касаначилар билан шартнома тузди. Мавсумий иш билан таъминланганларга керакли барча моддий ресурслар етказиб берилди.
М.Сулаймонов, ЎзА