Фарғоналик журналистлар Андижонда
Фарғона вилоятининг оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳи Андижонда бўлди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон ва Фарғона вилоятлари бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган мулоқот ва пресс-тур иштирокчилари икки вилоят журналистлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан мулоқот ўтказди.
Дастлаб фарғоналик журналистлар иштирокида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасида “Ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида тадбир ўтказилди. Мулоқотда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Зоҳиджон Тожибоев ижодий ва дўстона ташриф ОАВ вакиллари учун маҳорат майдони, тажриба мактаби бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб, юртимизда, хусусан, Андижонда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик жараёнлари, «Янги Андижон» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Мазкур лойиҳа ҳақида кенг маълумотлар берди.
Мулоқотда Ўзбекистон Жрналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси Махпурахон Артиқова, Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов соҳа ходимларининг фаолияти, соҳадаги ютуқлар, икки вилоят журналистлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш хусусида сўз юритди.
Пресс-тур доирасида фарғоналак журналистлар «Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари таҳририяти ҳамда Андижон вилояти телерадиокомпанияси фаолияти билан танишди. Таҳририят ва телевидение жамоалари билан ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикр алмашилди.
– Журналистлар учун бу каби ижодий учрашувлар жуда зарур эканлигини яна бир бор ҳис қилдим, – дейди Фарғона вилояти телерадиокомпанияси муҳаррири Тоҳиржон Шукуров. – Ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкасбларнинг илғор иш услублари билан танишиш шубҳасиз, фаолиятимизни янада самарали олиб боришга яқиндан ёрдам беради.
Шунингдек, пресс-тур доирасида фарғоналик оммавий ахборот воситалари вакиллари З. М. Бобур номли Андижон вилояти ахборот кутубхона маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Файзли дастурхон атрофидаги самимий суҳбат ва мулоқотда Андижон ва Фарғона вилоятлари журналистлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
[gallery-6292]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА