Фарғоналик ёш лидерлар сайловда фаол иштирок этади
Фарғона вилояти "Келажак лидерлари" клуби аъзолари иштирокида "Сайлов жараёнларида фаол ёшларнинг ўрни ва роли" мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Унда ёшлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси фаолияти билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш кунини белгилаш ва сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 23 июлдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссиясининг календар режаси асосида амалга ошириладиган ишлари белгилаб олинди. Сайлов кампаниясида сайловчиларни сайловда иштирок этишини таъминлашга масъул бўлган муҳим бўғин – бу округ ва участка сайлов комиссиялари ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, округ сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича иш режаси ишлаб чиқилиб, сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Аҳолини, айниқса, ёшларни сайлов қонунчилиги билан таништиришда учрашувлар, мулоқотлар, танловлар ташкил этилмоқда.
Фарғона “Келажак лидерлари” клуби аъзолари иштирокидаги тадбирда сайловга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида маълумот берилди. Мулоқотлар давомида келажак лидерлари ушбу муҳим сиёсий жараёнга бўлган қизиқишини билдириб, уни юқори савияда ташкил этиш борасида таклиф ва мулоҳазаларини айтди.
Округ сайлов комиссия раиси Эркинжон Нуралиев мамлакатимизда сайлов тизими халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари, ривожланган демократик давлатлар тажрибаси ҳамда миллий қадриятларимиз ва давлатчилик тарихимиздан келиб чиққан ҳолда шакллантирилганлигини таъкидлади. Тадбирда сайлов қонунчилигига киритилган янги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида тушунтиришлар берилди. Клуб аъзолари билан савол-жавоблар ўтказилиб, уларнинг сайлов борасидаги ҳуқуқий билимлари синовдан ўтказилди.


М. Сулаймонов, ЎзА