Тарихий воқеа: Тошкент модернизмининг 10 та иншооти ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди
ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг Корея Республикаси Пусан шаҳрида бўлиб ўтган 48-сессиясида "Тошкент модернизм меъморчилиги. Марказий Осиёда замонавийлик ва анъаналар" миллий номинацияси ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Шу билан Тошкентнинг ХХ аср иккинчи ярмига оид 10 та ноёб меъморий иншооти халқаро миқёсда эътироф этилди.
Сессияда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси делегацияси иштирок этди. Бу натижа Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан миллий маданий меросни асраш, ўрганиш ва дунёга кенг тарғиб этишга қаратилган давлат сиёсати самараси бўлди.
Рўйхатга қуйидаги иншоотлар киритилди: “Марварид” турар жой биноси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, “Халқлар дўстлиги” саройи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Тошкент давлат цирки, Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар зали, Ўзбекистон кино санъати саройи, “Эски Жува” (Чорсу) бозори, “Космонавтлар” метро бекати ва “Қуёш” гелиокомплекси.






Ушбу меъморий ёдгорликлар модернизм ғоялари ҳамда Марказий Осиё миллий меъморчилик анъаналарининг уйғунлигини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Уларнинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши Ўзбекистон меъморий меросининг халқаро даражадаги нуфузини янада ошириб, уни муҳофаза қилиш ва келажак авлодларга етказиш борасида янги масъулият юклайди.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси ва ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия раиси Гаянэ Умерованинг таъкидлашича, мазкур қарор мамлакатнинг замонавий меъморчилик меросини жаҳон модернзим ҳаракати контекстида муносиб ўринга қайтариш билан бирга, ушбу иншоотларни энг юқори профессионал даражада асраш вазифасини ҳам юклайди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА