Фарғоналик тадбиркор аёл миллий бренд яратди
Марғилон томонидан Фарғона шаҳрига кириб келаркансиз “Narimteks” деб ёзилган бинога кўзингиз тушади. Миллий бренд асосида ишлаб чиқарилаётган аёллар пальтолари бежиримлиги ва юқори сифати билан нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам харидоргир. Албатта, бунга осонликча эришилгани йўқ.
Марғилонлик Наргиза Аминова дастлаб иш бошлаганида кун келиб, йирик сармоядорга айланишини хаёлига келтирмаганди. Ўтган беш йил давомида у изланди, дизайнерлар билан ҳамкорликда маҳсулотнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Айни кунларда бу ерда йилига 60 минг дона аёллар пальтоси тайёрланмоқда. Маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилиняпти.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Наримтекс” масъулияти чекланган жамиятидаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, янги лойиҳа бўйича таклиф берган эди. Шаҳардаги собиқ “Атлас” фирмасига қарашли бўш турган бино ноль қийматда берилди.
– Жунли матоларни йўлга қўйиш лойиҳаси Ўзбекистон учун янгилик, –дейди Наргиза Аминова. – Президентимизнинг ишончини оқлаш учун тинмай ҳаракат қилдик. Пандемия шароитида бўлишига қарамай 50 минг квадрат майдоннинг ярмида лойиҳанинг биринчи босқичини ишга туширишга муваффақ бўлдик. Маҳсулот чиқди, бу катта ютуқ.
[gallery-577]
Дарҳақиқат, тадбиркор томонидан ташкил этилган “Uzwoolentex” қўшма корхонасида айни кунларда формали кийимлар учун жун аралашмали матолар ишлаб чиқарилмоқда. Умумий қиймати 8,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилди. Янги лойиҳа бир вақтнинг ўзида 300 нафар маҳаллий ёшлар бандлигини таъминлаш имкониятини берди. Шу кунга қадар тўқув, сифатни назорат қилиш, пардозлаш ва лаборатория цехлари юқори унум билан ишламоқда. Тўқимачилик тармоқлари ривожланган мамлакатлардан олиб келинган сўнги русумдаги ишлаб чиқариш ускуналарини маҳорат билан бошқараётганларнинг асосини марғилонлик ёшлар ташкил этади.
Бўш турган бинодан самарали фойдаланиш мақсадида йирик лойиҳанинг иккинчи босқичи-жун аралашмали ип-калава ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Янги цех бир вақтнинг ўзида 400 нафардан ортиқ маҳаллий ёшлар бандлигини таъминлайди. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 840 тоннани, 2 миллион погономертни ташкил этади. Мазкур лойиҳа ҳарбийлар ва давлат хизматчилари формали кийимлари учун ип ишлаб чиқариш ва дунё бозорида харидоргир бўлган поливискоза, полиэстер-пахта аралашма таркибли матолар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятини берди.
Илгарилари жун аралашмали матолар фақат импорт эвазига олиб келинарди. Амалга оширилган лойиҳа маҳсулотни маҳаллийлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди.
М.СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА