Фарғонадан Тошкентга бориш қимматга тушадиган бўлди
2021 йил 15 декабрь куни соат 18-10 ларда номаълум шахс Қўқон шаҳар У.Носир кўчасида 35 ёшли У.М., дан баҳоси 1 миллион 500 минг сўмлик “Samsung А-30-S” русумли телефон аппаратини қўнғироқ қилиш учун сўраб олиб, телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни 19 ёшли И.А. ва вояга етмаган 17 ёшли Н.Ж. лар содир этганлиги аниқланиб, И.А.дан жабрланувчи У.М.га тегишли “Samsung А-30-S” русумли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан И.А. ва вояга етмаган Н.Ж.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 166-моддаси 2-қисми «в» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, улар жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, қонунбузарлар ушбу жиноятни Тошкент шаҳрига бориш учун содир этганликлари, Н.Ж. нинг йўл ҳақи учун пули бўлмаганлиги сабабли ушбу тарзда енгил пул топишни кўзлаганлиги маълум бўлган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА