Фарғонадаги бешта туманда пахтадан мўл ҳосил олинди
Фарғона вилоятининг Фарғона, Риштон, Ёзёвон, Тошлоқ туманидаги фермер хўжаликлари томонидан пахтадан мўл ҳосил етиштирилиб, кластерлар билан тузилган шартнома ортиғи билан уддаланди. Биринчилар бўлиб катта хирмон яратган кластерлар корхоналари янги ҳосилни қайта ишлашни ҳам бошлаган.
Пахтачиликда ўзига хос бой тажрибага эга бўлган Бағдод тумани деҳқонлари пахта тайёрлаш шартномавий режасини бажарди. Жорий йилда туманда 5 минг 200 гектар майдонда ғўза парвариш қилиниб, "Fergana Spinning" масъулияти чекланган жамияти пахтачилик-тўқимачилик кластери омборларига 17 минг 500 тоннадан зиёд пахта ҳосили топширилди. Муваффаққиятнинг бош сабабларидан бири Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, туманда кластер тизими жорий этилганида, демоқда бағдодлик фермерлар.

Кластер корхонаси томонидан фермер хўжаликларига ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғит ва зарур техник воситалар ўз вақтида етказиб берилди. Терим мавсумида эса кундалик иш ҳақи тўлаш амалиёти жорий этилди. Илғор теримчилар, режани муваффақиятли адо этган фермерлар сектор раҳбарлари ва кластер корхонаси томонидан мунтазам рағбатлантириб борилди. Шунингдек, йиғим-терим жараёни отряд усулида, аниқ ҳисоб-китобларга таянган ҳолда самарали ташкил этилгани ҳам ҳал қилувчи омиллардан бўлди.

Тумандаги "Ҳилола", "Хосиятхон қизи Хадичахон", "Исломбек Муҳаммадалиев", "А.Мадаминов", "Мамадалиев", "Буойшахон Қундузова", "Нурмуҳаммад боғи", "Машъал ер толаси", "Музаффар Ҳошимов боғи", "Бағдод Шермат ота" каби ўнлаб фермер хўжаликлари дала майдонларида энг яхши кўрсаткичларга эришилиб, етиштирилган ҳосилнинг аксар қисми биринчи навда сотилди.

М. Сулаймонов, ЎзА