Фарғонада ватанпарварлик мавзусида анжуман (+видео)
Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан Фарғона вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари, мутахассис психологлар ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Миллий гвардия Фарғона вилоят бошқармаси базасида ташкил этилган тадбирда Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Миллий гвардия ҳудудий бошқармалари шахсий таркиби иштирок этди.
Анжуман “Шахсий таркибда салбий информацион хуружларга қарши барқарор руҳий бардошликни ва жанговар вазифаларни муваффақиятли бажариш учун зарур сифатларни шакллантириш услублари: муаммо ва ечимлар” мавзусида ўтказилди.
Маърузачилар замонавий ахборот глобаллашуви шароитида армияни нафақат техника, балки миллий ғоя ва маънавий иммунитет билан ҳам таъминлаш зарурлигини таъкидлашди. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг ватанпарварлик ва мардлик руҳида доимий тарбияланиши, уларнинг руҳий жиҳатдан барқарорлиги — бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири экани қайд этилди.
Анжуманнинг иккинчи қисми амалий машғулотларга бағишланди. Гвардиячилар томонидан жанговар шароитларда руҳий ҳолатни тиклашга қаратилган психологик йўлаклардан ўтиш машғулоти ва оммавий тадбирларда фуқаролар билан профайлинг ишлаш услуби кўрсатиб берилди.
Шунингдек, электрон тир, руҳий енгиллаштириш маркази ва музейга саёҳат уюштирилиб, бу ерларда амалга оширилган ишлар билан таништирилди.
–Бугунги тадбир нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам аҳамиятли бўлди. Эришилган хулосалар келгусида шахсий таркиб билан ишлашда қўлланилади,–деди Миллий гвардия марказий девони бўлим бошлиғи Ғулом Эшмонов.
Баҳс ва мунозараларга бой конференция якунлари бўйича куч тузилмалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш юзасидан келишувга эришилди. Анжуман сўнггида фаол иштирокчиларга Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан ташаккурномалар топширилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/e6NCGTub5ng?si=hCBW9EchXX2niz1h" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА