Фарғонада тилла деб мис сотган аёл озодликдан маҳрум этилди
Орамизда шундай одамлар борки, ўзларига фирибгарликни одат қилиб олган. Улар турли йўллар билан ўзгаларнинг мулкига эга чиқмоқчи бўлади. Л.Б (аёл) ҳам шулардан бири. У онаси билан 2022 йилнинг 7 март куни соат 14:00 ларда Фарғона шаҳар Сайилгоҳ кўчасидаги аёллар гўзаллик салонида С.К. (аёл)га тилладан ишланган аёллар занжирини кўрсатиб, уни сотиб, келин либоси сотиб олишларини айтади.
Тақинчоқни 17 миллион 500 минг сўмга сотишга келишгач, харидорнинг 10 миллион 100 минг сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, тилла занжирни мисдан ишланган занжирга алмаштириб қўяди. Эртаси куни пулларни қолган қисмига келин кўйлак олиб кетишларини айтиб, телефон рақам ташлаб кетишади. Эртасига келавермагач, дўкон эгаси телефон қилади, телефон ўчирилган. Шунда у шубҳаланиб, тилла тақинчоқни заргарга кўрсатади. Тилла деб олгани мис бўлиб чиққанидан кейин алданганини билган аёл ички ишлар бўлимига мурожаат қилади.
Бундан ташқари, Л.Б ва М.Б.лар жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йилнинг 19 март куни соат 14:00 ларда Фарғона шаҳар Х.Ҳакимзода кўчасидаги аёллар гўзаллик салонида Ф.С.га тилладан ишланган аёллар занжирини кўрсатиб, уни сотиб, келин либоси сотиб олишларини айтади. Тақинчоқни 19 миллион сўмга сотишга келишгач, Ф.С.нинг 11 миллион сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, уни алдайди. Тилла занжирни мисдан ишланган занжирга алмаштириб қўйиб, эртаси куни пулларни қолган қисмига келин кўйлак олиб кетишларини айтиб, секин қочиб қолишади.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, бир икки марта “ишлари ўхшаган” она-бола жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йилнинг 27 март куни соат 14:00 ларда Самарқанд вилояти, Булунғур туманидаги аёллар гўзаллик салонида С.Ё.га тилладан ишланган аёллар занжирини кўрсатиб, уни ҳам чув туширади. Жабрланувчиларнинг мурожаатларига мувофиқ, юқоридаги қилмишлари юзасидан тергов органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, фирибгарлар қўлга тушди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи Л.Б.га жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Маълумот учун, бу аёллардан жабрланган шахслар томонидан берилган аризаларга асосан, тегишли тартибда бундан аввал ҳам Уйчи туман суди, Вобкент туман судлари томонидан бошқа ҳолатлар бўйича жазо тайинланган.
М.Сулаймонов, ЎзА