“Ўзбеккўмир”да коррупцияга қарши курашиш устувор вазифа
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича брифинг ташкил этилди. Унда Комплаенс-назорат ва коррупцияга қарши курашиш хизмати комплаенс инспектори Муроджон Абдураимов иштирок этиб, жамиятда 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, тизимда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда бу борадаги устувор вазифалар юзасидан ахборот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 июнда қабул қилинган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида мазкур ташкилотнинг ижро аппарати ва таркибий филиалларида “Биз коррупцияга қаршимиз”, “Маиший коррупция кўринишлари ҳамда уларнинг олдини олиш – вазифамиз!” мавзуларида профилактик давра суҳбатлари ташкил этилди.
Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви ва коррупция хавфи мавжуд бўлган лавозимларда ишловчи ходимлардан коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилмаслик, таниш-билишлик ва қариндош-уруғчилик ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича кафолат хатлари олинди.

Жорий йилнинг биринчи чораги давомида 5 минг 700 дан ортиқ декларациялар таҳлил қилиниб, 1 та мавжуд ҳамда 4 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланди. Натижада бир ҳолатда ходим ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод қилиниб, тўғридан-тўғри бўйсунув билан боғлиқ манфаатлар тўқнашуви бартараф этилди. Шунингдек, икки ҳолатда ходимларни бошқа лавозимга ўтказиш орқали эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви бартараф қилинди, яна икки ҳолат юзасидан тегишли ишлар давом этмоқда.
Декларацияларни ўрганиш жараёнида тадбиркорлик фаолиятида иштирок этаётган 4 нафар ходимга манфаатлар тўқнашуви хавфи юзасидан тушунтириш берилди. Натижада улардан 3 нафари тадбиркорлик субъектларидаги таъсисчилик ва раҳбарлик фаолиятини тўхтатган бўлса, 1 нафар ходим ўз хоҳиши билан ишдан бўшаган.
Брифингда Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупция хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жамият марказий аппарати ва таркибий филиаллар фаолиятининг 16 та функцияси бўйича коррупция хатарларни аниқлаш ва баҳолаш ишлари амалга оширилгани ҳам маълум қилинди.

Ҳисобот даврида таркибий филиалларда маиший коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашуви сабаблари ва унинг салбий оқибатларига бағишланган 7 та профилактик тадбир, давра суҳбати ва семинарлар ўтказилди. Уларда аниқланган ҳолатлар юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, Комплаенс-назорат ва коррупцияга қарши курашиш хизмати томонидан келиб тушган мурожаатлар ҳамда аниқланган ҳолатлар юзасидан 3 та хизмат текшируви ўтказилди. Натижада ортиқча ҳисобланган маблағларни ундириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди ва масъул ходимларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилди. Шу билан бирга, бир ҳолат юзасидан тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Брифинг давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг “Масофавий аудит” ахборот тизими орқали келиб тушган маълумотлар асосида 6 нафар ходим фаолияти таҳлил қилингани айтилди. Таҳлиллар натижасида айрим ходимларнинг қўшимча меҳнат фаолияти ёки тадбиркорлик билан шуғуллангани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
Якунда жамият таркибий филиалларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, декларацияларни мунтазам таҳлил қилиш ва профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
А. Мусаев, ЎзА.