Фарғонада куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилмоқда
Ўтган йил кузатилган аномал совуқ коммунал соҳа учун оғир кечди. Шу боис жорий йилда ҳудудларда куз-қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Фарғона вилоятида мавсумга ҳозирлик қандай? Мавжуд муаммоларга қай даражада ечим топилмоқда?
Кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳамда ижтимоий соҳа объектлари учун қулай шарт-шароит яратишда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти узлуксиз бўлиши, уй томлари, канализация ҳамда ертўла қисмларини таъмирлаш муҳим ҳисобланади. Бироқ ҳамма жойда ҳам бу муҳим инфратузилмалар иш самарадорлигидан кўнгил тўлмайди. Чунки марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимлари 1950-1970 йилларда очиқ сув тақсимоти ҳамда бино ва иншоотларнинг иситиш тизимларини иссиқлик тармоқларига улаш схемаси асосида ташкил қилингани ўзига хос муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Марказлаштирилган иссиқлик таъминотидан узилган айрим кўп хонадонли уйлар кўпинча сертификатга эга бўлмаган ва ёнғин хавфсизлиги кафолатланмаган газ ҳамда электр ускуналари билан иситилмоқда. Бу эса, баъзи бир эҳтиётсизликлар туфайли кўнгилсиз фожиалар келиб чиқишига сабаб бўлаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
– Кўп қаватли уйлар ва иссиқлик таъминоти тизими, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олдимизда муҳим вазифалар турибди, – дейди Фарғона вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси шуъба мудири Сардорхон Содиқхонов. – Аввало, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини ошириш ҳамда унинг узлуксизлигини таъминлаш, иссиқлик таъминоти тизимига замонавий, тежамкор ва кам энергия сарфлайдиган технологияларни жорий этиш, янгилаш ҳамда модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда Фарғона шаҳридаги Абдулла Қодирий мавзесидаги кўп қаватли уй-жойларни марказлашган иссиқлик билан таъминлашда инновацион технологиялардан фойдаланилмоқда.
Бу технологиянинг афзаллиги шундаки, ҳар қандай совуқ об-ҳаво таъсирида ҳам кам энергия ва ёқилғи сарфлаган ҳолда уйлар, ижтимоий соҳа объектларига етарли босим ҳамда ҳароратда иссиқлик узатилади. Бу мақсадлар учун қарийб 140 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, мавзеда жойлашган 203 та кўп қаватли уй ҳамда 29 та ижтимоий соҳа объектини “РК-3” қозонхонаси орқали марказлашган иссиқ сув ва иссиқлик билан таъминлаш режалаштирилган. Дастур доирасида 73,4 километр магистрал иссиқлик тармоқлари янгиланди. Замонавий индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, янги лойиҳа ҳудуддаги кўп қаватли уйларда бир иссиқлик даврида 21 миллион м3 табиий газ, 9,5 миллион кВт электр энергиясини иқтисод қилиш орқали қарийб 10,8 миллиард сўм маблағни тежаб қолиш, коммунал тўловлар таннархини арзонлатиш имкониятини беради.

Вилоятда аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш ҳамда уни беталафот ўтказиш бўйича вилоят штаби ташкил этилган. Ишчи гуруҳлар томонидан кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иссиқлик, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ таъминоти тизимларини мавсумга тайёрлаш, аҳолига кўмир, суюлтирилган газ етказиб бериш, озиқ-овқат таъминоти захираларини яратиш каби масалалар билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Мавсумга тайёргарлик доирасида қарийб 4 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 6 та қозонхона, 13 та қозон ва 3,6 километр иссиқлик тармоқларини мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Республика бюджети ҳисобидан ажратилган 14,2 миллиард сўм маблағ эвазига 312 та кўп квартирали уйни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига барқарор тайёрлаш, таъмирлаш ишларини сифатли бажаришда бошқарув сервис компаниялари фаолиятининг ўрни ҳам ортиб бормоқда. Коммунал хизматлар бозорига профессионал бошқарувчи компаниялар кириб келиши аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, хизмат турларини кўпайтирди.
Йиллар мобайнида фуқароларнинг ширкатларга ишончи камайиб борган бўлса, профессионал бошқарувчи ташкилотлар фаолиятига бўлган муносабат кун сайин яхшиланиб бормоқда. Ташкил этилганига қисқа муддат бўлган бўлса-да, сервис бошқарув компаниялари ҳудуддаги фуқароларга сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш мақсадида кеча-кундуз фаолият кўрсатувчи ишонч телефони ҳамда авария-диспетчерлик хизматларини ташкил этиб, 40 турдаги коммунал хизматлар кўрсатмоқда.
– Етмиш учта кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиб келамиз, – дейди “Фарғона Турсунали сервис” бошқарув сервис компанияси раиси Турсунали Турғунов. – Мавсум тадориги доирасида 2 минг 200 квадрат метр уй-жойлар том қисми, 34 та уйга кириш йўлаклар таъмирланди, 1200 дан ортиқ буюртма асосида хизмат кўрсатдик. Муҳими, аҳолининг бизга бўлган ишончи ортиб бормоқда. Бошқарув сервис компанияси ташкил этилганида аҳоли дебиторлик қарзи 1 миллиард 51 миллион сўмдан ортиқ бўлган. Бугунга келиб, қарздорлик миқдори олтмиш фоизга қисқарди. Айни кунда 3 та коммунал хизмат кўрсатиш бригадаси ташкил қилганмиз. Ҳудудлар тозалигини таъминлаш мақсадида ҳар жиҳатдан қулай ва арзон, шовқинсиз ишловчи электро мотороллерлар хизматидан фойдаланяпмиз. Улар ҳудудларни ободонлаштириш, санитар-гигиена талаблари асосида озода сақлаш ишларига жалб этилган. Кўрсатилаётган хизматлар учун биллинг тўлов тизими йўлга қўйилгани ҳам иш сифати ва самарадорлигини оширмоқда. Бу тўловлар билан боғлиқ ортиқча оворагарчилик ва тушунмовчиликларнинг олдини олмоқда. Мижоз, тўлов маблағларини қайси мақсадларга йўналтирилаётганлигини электрон тарзда бевосита кузатиб боради.

Албатта, иш кўлами ва сифатини яхшилашда коммунал тўловчиларнинг мажбурияти, масъулиятини ошириш муҳим. Фақат талаб қилиш эмас, бу жараёнга баҳоли қудрат ҳисса қўшиш, ташаббускор бўлиши, мавсумга ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўриш имкониятини беради. Бугунги кунда кам ёқилғи сарфлаган ҳолда меъёр талабларига мос бўлган сифатли иссиқлик ишлаб чиқаришни кўпайтиришда хусусий секторлар улушини ошириш, ижтимоий соҳа объектлари иситиш тизимини босқичма-босқич янгилаб бориш, соҳага инновацион технологияларни жалб этиш муҳим вазифа саналади.
– Кейинги йилларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор ошди, –дейди Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳожиқўзижон Исақов. – Авваллари мавжуд иситиш тизимлари 2-3 йилда яроқсиз бўлиб, белгиланган меъёрларда иссиқлик бера олмасди. Сўнги беш йилда бундай салбий кўринишларнинг олдини олиш мақсадида 2 минг 261 та иситиш қозонини тежамкор ва самарали ишлаш тизимига ўтказиш учун 27,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Польшалик ҳамкорлар билан “Альтер“ янги русумли қозонлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Маҳсулотлар иқтисодий тежамкор, узоқ муддат ишлаш хусусиятлари билан ажралиб туради. Янги қурилма ўтган қиш мавсумида ўз самарасини кўрсатди. Ёқилаётган кўмир сарфи уч ҳиссага камайди, иситиш даражаси 2,5 баробарга ошди. Бу йилига 20 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағларини иқтисод қилиш имкониятини беради.
Ёзёвон туманидаги марказий шифохонага ўрнатилган эски русумдаги иситиш қозонлари учун кунига 1600 килограмм кўмир ёқилғиси сарфланган. Тежамкор қозонлар ўрнатилгач, кунлик кўмир сарфи уч ҳиссага камайиб, кунига 1000 килограммдан ортиқ кўмир иқтисод қилиб қолишга эришилмоқда. Бу миқдорни куз-қиш мавсумига боғлаб ҳисоб-китоб қилинса, умумий тарзда 121 тонна кўмир ёки 50 миллион сўмдан ортиқ маблағ тежаб қолиш имконияти яратилди.
Бу амалий тажрибани вилоятдаги барча иситиш тизимларида жорий этиш, замонавий энерготежамкор, иссиқлик меъёри юқори бўлган автоматлаштирилган қозонларда ишлаш тизимига ўтказиш билан боғлиқ ишлар оммалаштирилмоқда.
“Фарғона иссиқлик таъмир” масъулияти чекланган жамиятида “Ёрмозор” тамғаси остида замонавий иситиш қозонлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ерда 20 квадрат метрдан 10 минг квадратгача бўлган уй-жой ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини иситишга ихтисослашган қозонлар ишлаб чиқарилмоқда. Янги қозонлар маҳаллий кўмирда ишлаши, иссиқлик тизими табиий усулда айланиши хусусияти билан ажралиб туради. Бу электр энергия сарф қилмаган ҳолда бир меъёрда иссиқлик етказиб бериш имкониятига эга. Янги қозонлар бир соатда 2 килограмм маҳаллий кўмир сарфлайди. Бу бошқа иситиш қозонларининг истеъмолига нисбатан беш ҳиссага кам.
Албатта, кўрилаётган бу каби тадбирлар мавсумни кўнгилдагидек ўтказишда муҳим аҳамиятга эга. Вилоятда айни кунларда тайёргарлик ишлари якунига етказилаётган бўлиб, барча ижтимоий, иқтисодиёт объектлари яна бир бор хатловдан ўтказилмоқда.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА мухбири