Фарғонада кардиология хизмати янги босқичда
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий -амалий тиббиёт маркази Фарғона вилояти минтақавий филиалининг янги барпо этилган маслаҳат поликлиникаси фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, бугунги кунда кардиология хизмати сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб, ҳудудларда ҳам малакали шифокорлар томонидан мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.
Фарғона вилоятида аҳоли ўртасида юрак қон-томир касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 40 ёшдан ошган аҳоли қатлами орасида юрак қон-томир касалликларини эрта аниқлаш бўйича скрининг амалиёти йўлга қўйилди.
Биргина 2024 йилнинг ўзида 1 миллиондан ортиқ фуқаролар скрининг тадбирлари билан қамраб олиниб улар орасидан 88 мингдан зиёдида юрак қон-томир касалликлари илк бор аниқланди ва соғломлаштириш чоралари кўрилди.
[gallery-21560]
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилояти минтақавий филиалида интервенцион кардиология ва кардиожарроҳлик бўлимлари фаолияти ташкил этилди.Янги бино қурилиб, муассасага 9 миллиард сўм маблағ эвазига энг замонавий ангиограф аппарати олиб келиб ўрнатилди. Шунингдек, кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа аппаратлар ҳам олиб келиб ўрнатилди.
-Марказимизда 2024 йилда 3000 дан ортиқ юқори технологик амалиётлар йўлга қўйилди, -дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилояти минтақавий филиали бош врачи Камолиддин Раҳмонов. -Натижада йилига 540 нафар очиқ турдаги кардиожарроҳлик амалиётига муҳтож беморларни республика марказларига юборилмай, вилоятнинг ўзида амалга оширилди.
Янги барпо этилган маслаҳат поликлиникаси ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир.
Тантанали очилиш маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, шифокорлар, соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Шерзоджон Полвонов мамлакатимизда тиббиёт соҳасида ислоҳотлар, кардиология хизматига бўлган эътиборнинг замирида инсон саломатлигини мустаҳкамлашдек залворли вазифа турганлигини таъкидлади.
Замонави уч қаватли поликлиника биносининг қурилиши учун қарийб 8 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. 200 қатнов қуввати ҳамда барча шароитларга эга маскан халқимизга хизмат қилишни бошлади.
Рамзий лента қирқилгач, тадбир иштирокчилари поликлиникада яратилган шароитлар билан танишдилар.
М.Сулаймонов, М.Қодиров олган суратлар