Фарғонада ҳайдовчилар жанжал кўтарди
Ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳар Бозорбоши кўчасида жойлашган умумий овқатланиш маскани олдида фуқароларнинг бир-бирлари билан жанжаллашаётган ҳолати акс этган видеотасвир тарқалди.
Видеода оммавий бўлиб ўзаро жанжаллашаётганлар ҳайдовчилар эканлиги айтилган.
Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, видеолавҳа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилди. Шу куннинг ўзида Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговга киришилди.
Мазкур жиноят иши доирасида фуқаро И.Ш. процессуал тартибда ушланган бўлиб, ҳозирда қолган иштирокчиларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда. Тергов ҳаракатлари давомида ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Мазкур ҳолат вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган.
Тергов ҳаракатлари якунига кўра, қўшимча хабар берилади.
М. Сулаймонов, ЎзА