Фарғонада Фармон Тошев билан учрашув (+видео)
Фарғона давлат университети даргоҳидан мамлакатнинг атоқли олимлари, машҳур ёзувчи ва шоирлари, Ўзбекистон қаҳрамонлари етишиб чиққан. Бунда илм билан улуғларнинг ҳаётий тажрибасини баравар ўргатиш, замонанинг машҳур инсонлари адиблар билан юзма-юз учрашувларнинг ўрни катта. Ўзбек адабиётининг сермаҳсул ижодкорларидан бири Фармон Тошев билан “Сўз айтмоқ саодати” ижодий учрашуви ҳам шу мақсадга қаратилган.
—Фарғона адабий муҳити Туркий тилли давлатлар ўртасида ҳам катта нуфузга эга, — дейди Фармон Тошев. — Фарғоналикларнинг ҳар бир асарида Отабек ва Кумушни кўраверамиз, чунки адабиёт Фарғонада одамларнинг юрагидан жой олган.

Учрашув ғоят самимий руҳда ўтди. Олимлар ёзувчи, шоир, драматург Фармон Тошев ижодининг ўзига хослиги, фалсафий қарашлари, ватанпарварлик руҳи, маҳоратини таҳлил қилдилар.

—Фармон Тошев ижоди ранг-баранглиги билан ажралиб туради, — дейди филология фанлари доктори Гўзал Муҳаммаджонова. — Жанрлар, мавзулар кўлами турлича. Масалан, драмалари ўзбек драматургия ривожига салмоқли ҳисса бўлди дейиш мумкин. Фармон Тошев ижоди илмий тадқиққа муносиблигини ҳам таъкидламоқчиман.

Сўзга чиққан мухлислар тилак ва истакларини билдиришди, минбардан шоир битган сатрлар янгради. Адибга фарғонача лутф кўрсатилди.

—Адабиёт инсонни фикрлашга, ўзини англашга ўргатади. Адабиёт инсон умрига мазмун бахш этади. Мана шу хулосалардан фарғоналиклар унумли фойдаланадилар. Буни ҳар бир мухлис билан мулоқотда ҳис қиласан, киши, — дейди Фармон Тошев.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/TnZMmk0ZBUw" title="ФАРҒОНАДА ФАРМОН ТОШЕВ БИЛАН УЧРАШУВ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов.
Элёр Олимов.