Фарғонада энергетика тизимидаги муаммолар бартараф этилмоқда
Фарғона вилоятида мавжуд энергетика тизимидаги муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, аҳолини табиий газ ва электр энергия билан таъминлаш мақсадида барча чоралар кўрилмоқда. Коммунал идоралар томонидан авария ҳолатлари бўйича туну кун ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича рейдлар ўтказилмоқда.

“Кўмиртаъминот” масъулияти чекланган жамияти Фарғона филиали томонидан вилоятнинг газлаштирилмаган ҳудудларида яшовчи аҳолига маҳаллаларнинг буюртмаси асосида кўмир маҳсулотлари тарқатилмоқда. Ҳозирги кунда 8 та кўмир омбори фаолият юритмоқда. Бир кунда ўртача 1500-2000 тоннага яқин кўмир маҳсулотлари (1 кг кўмир нархи 300,3 сўмдан) тарқатилмоқда.

Аҳолига кўмир тарқатишда маҳалла раислари билан биргаликда график ишлаб чиқиб, аҳолига тартиб бўйича тарқатиб келинмоқда.Шу кунгача аҳолига жами 89 минг 167 тонна кўмир берилди. Кечанинг ўзида омборларга жами 50 та вагон (3 минг 450 тонна) келди. Бундан ташқари, яна йўлда 50 та вагон бор.
М.Сулаймонов, ЎзА