Фарғонада дзюдо ривожи йўлида янги қадам
Қўқон шаҳридаги 20-умумтаълим мактабида дзюдо спорт тури бўйича янги спорт зали фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимизда бугунги кунда спортнинг барча турларини ривожлантириш ҳамда унинг оммавийлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, дзюдо билан шуғулланувчи ёшлар сафи ҳам тобора кенгаймоқда. Қўқонда бунёд этилган мазкур спорт турига ихтисослашган спорт маскани ҳам умидли спортчиларни тарбиялашга хизмат қилади.
Тантанали очилиш маросимда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, Ўзбекистон Дзюдо федерацияси раиси Азиз Комилов, спортчи ва мураббийлар ва ёшлар иштирок этди.

Очилиш маросимида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мазкур спорт иншооти юртимизда дзюдо спортини оммалаштиришга хизмат қилиши, шунингдек, профессионал спортчилар камолга етказишини таъкидлаб ўтди. Барчани ушбу янги иншоот очилгани билан муборакбод этди.


Шундан сўнг ёш спортчилар ўзига хос кўргазмали чиқишлар орқали йиғилганларга ўз маҳоратларини намойиш этиб беришди. Тадбир сўнгида спортчи мураббийларга Ўзбекистон Дзюдо федерацияси номидан ташаккурнома ҳамда ёш спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.
М. Сулаймонов, ЎзА