Фарғонада 30 кг.дан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинди
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Фарғона шаҳрида яшовчи, 1978 йилга туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган фуқаронинг яшаш хонадони ён-атрофи кўздан кечирилганида, ерга кўмиб қўйилган 21 кг. 579 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, тожикистонлик наркокурьерлар томонидан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу гиёҳвандлик воситасини у келгусида Тошкент шаҳри ҳамда Фарғона водийси вилоятларида сотишни режалаштирган.
Шунингдек, мазкур шахснинг жиноий шеригини аниқлаш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилди ва «Фарғона-Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган «Нексия» русумли автомашина Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 1983 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги автомашинанинг юкхонасида 2 кг. 816 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
ДХХ ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Қўқон шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаронинг хонадонида 4 кг. 831 гр. «опий» ва 995 гр. «гашиш» моддалари борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари Қўқон шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахсга тегишли бўлиб, у Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган наркотикларни Тошкент шаҳрида сотишни режалаштирган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА