Фарғона ёшлари фаол, ташаббускор
Фарғонада Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирлари минглаб ўғил-қизларга хушнудлик улашди. Фарғона шаҳридаги "Афросиёб" тантаналар мажмуасида вилоят байрам тадбирида турли соҳалардаги энг фаол ёшлар жам бўлди.
Тадбирни очиб берган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Вилоят ёшларини байрам билан қутлаган Хайрулло Бозоров давлатимиз раҳбари томонларидан олиб борилаётган давлат сиёсатида ёшларнинг салоҳиятини ривожлантириш ва рўёбга чиқаришга улкан эътибор қаратилаётганини қайд этиб, вилоятда ҳам бу масала ҳар бир раҳбар олдидаги устувор вазифа эканини таъкидлади.


Ўз сўзида маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзларини келтириб ўтган вилоят раҳбари азалдан илм-у фан, маданият ва маърифат замини бўлган Фарғона ёшлари, миллий қадриятларимизга суянган ҳолда, ўз билим ва ютуқлари билан ҳар соҳада қолган тенгдошларига намуна бўлишларига ишонч билдирди.

Вилоятда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган, ҳар жабҳада илғор, ўз тенгдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ёшларга вилоят ҳокимининг ташаккурномалари ва совғалар топширилди.
Тадбир давомида вилоятнинг таниқли санъаткорлари ижросида янграган дилрабо куй-қўшиқлар йиғилганларга ўзгача кўтаринкилик ва юқори кайфият улашди.

Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройи очиқ майдонида санъаткорлар ва ёш истеъдодлар иштирокида катта концерт дастури ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда мутасадди идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ўн минг нафардан зиёд фарғоналиклар ҳамда вилоят меҳмонлари иштирок этди.

Муҳсин Мўминов, Отабек Муҳаммадзоҳид каби таниқли санъаткорлар, ашула ва рақс ансамбллари ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга юқори кайфият бағишлади.

Шаҳар узра порлаган ранг-баранг мушаклар дастурга ўзига хос якун бўлди.
М.Сулаймонов, ЎзА