Фарғона водийси – тинчлик, ишонч ва фаровонлик макони
Хўжанд ва Гулистонда II Фарғона тинчлик форуми ўтказилди.
Фарғона водийси азалдан нафақат географик, балки тарихий, маданий ва инсоний ришталари муштарак бўлган халқларни бирлаштириб келган макон ҳисобланади. Бугун ушбу ҳудудда тинчлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш жараёни янги босқичга кўтарилмоқда.
Шу маънода Тожикистон Республикасининг Хўжанд ва Гулистон шаҳарларида «Фарғона водийси: тинчлик, ишонч ва фаровонлик макони» мавзусида II Фарғона тинчлик форумининг ўтказилиши муҳим аҳамият касб этди.

28-29 сентябрь кунлари бўлиб ўтган форумда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан давлат идоралари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, дипломатик доиралар, таҳлилий марказлар, илмий жамоатчилик, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ҳамда маҳаллий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ҳамда Суғд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида, Тожикистон Ҳукумати кўмагида ташкил этилди.
Форумнинг Хўжанд ва Гулистонда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, 2025 йил 31 март куни айнан Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Президентлари иштирокида муҳим тарихий учрашув бўлиб ўтган, унинг якунида давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида шартнома ҳамда абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларацияси имзоланган эди.

Бу ҳужжатлар Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим сиёсий асос яратди.
Форумда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегациянинг иштироки алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Фарғона вилояти нафақат Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти юқори ҳудудларидан бири, балки Тожикистон ва Қирғизистон билан азалий иқтисодий, маданий ва инсонлараро алоқаларга эга бўлган чегараолди ҳудуд ҳисобланади.
Форумда Фарғона водийсида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорлик, туризм, маданият ва гуманитар алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Фарғона вилояти делегациясининг мазкур тадбирдаги иштироки ҳудуднинг минтақавий ҳамкорлик жараёнларидаги фаол ўрнини яна бир бор намоён этди.
Форум доирасида Суғд вилояти раиси Ражаб Аҳмадзода билан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ўртасида учрашув ҳам бўлиб ўтди.
Мулоқотда икки ҳудуд ўртасидаги дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда Суғд ва Фарғона вилоятлари ўртасидаги алоқалар саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, таълим, тиббиёт, илм-фан, ёшлар сиёсати, маданият ва туризм каби кўплаб йўналишларда кенгайиб бормоқда.
Айниқса, савдо-иқтисодий алоқаларда сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Фарғона вилояти билан Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион АҚШ долларидан ошган.
Бу рақамлар икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорлик оддий қўшничилик муносабатларидан амалий иқтисодий шериклик даражасига кўтарилаётганини кўрсатади.

Учрашувда саноат ва қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни кучайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, қишлоқ хўжалиги бўйича қўшма семинар ва маслаҳатлар ўтказиш, туризмни ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Форум иштирокчилари таъкидлаганидек, Фарғона водийсида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш нафақат уч давлатнинг чегараолди ҳудудлари, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.
Фарғона водийсидаги халқларнинг тарихи, тили, маданияти, урф-одатлари ва инсоний алоқалари бир-бири билан чамбарчас боғланган.
Асрлар давомида бу ҳудудда одамлар бир-бири билан савдо қилган, қуда-анда бўлган, бир-биридан ҳунар ўрганган, маданий анъаналарини бойитган. Шунинг учун бугунги тинчлик ва ишонч сиёсати оддий дипломатик тушунча эмас. У миллионлаб инсонларнинг кундалик ҳаёти, фаровонлиги ва келажак режалари билан бевосита боғлиқ.
Тинчлик бор жойда савдо ривожланади, инвестиция келади, янги корхоналар ишга тушади, туризм кенгаяди, ёшлар учун янги имкониятлар пайдо бўлади.

Форумда иқтисодий ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Фарғона, Суғд ва Баткен ҳудудларининг иқтисодий имкониятлари бир-бирини тўлдириши мумкин. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, саноат кооперацияси, савдо, логистика, туризм, хизматлар соҳаси, таълим ва инновациялар йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжуд.
Фарғона ва Суғд ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг 400 миллион доллардан ошгани ҳам бу имкониятларнинг амалий натижасидир. Эндиликда вазифа — мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш, тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кўпайтириш ва янги қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.
Ёшлар ва хотин-қизлар — янги минтақавий кун тартибида
Форумда ёшлар ва хотин-қизларнинг тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашдаги ўрнига ҳам катта аҳамият берилди.
Бугунги ёшлар — эртанги минтақавий ҳамкорликнинг асосий иштирокчилари.
Шу боис улар ўртасида таълим, спорт, маданият, тадбиркорлик, рақамли технологиялар ва инновациялар соҳасида қўшма лойиҳаларни кўпайтириш муҳим.
Хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш ҳам чегараолди ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Форумда оммавий ахборот воситаларининг ролига эътибор қаратилиши ҳам муҳим жиҳатлардан бири бўлди.
Бугун журналистика халқлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашда катта кучга эга.
Журналистлар чегараолди ҳудудларидаги оддий инсонларнинг ҳаёти, тадбиркорларнинг муваффақияти, қўшма корхоналар, маданий тадбирлар, ёшлар лойиҳалари ва инсонлараро алоқалар ҳақида кўпроқ материаллар тайёрлаши мумкин.
Бундай ахборотлар одамларни бир-бирига яқинлаштиради, қўшни давлат халқлари ҳақида холис тасаввурни шакллантиради. Шу маънода Фарғона тинчлик форуми журналистлар учун ҳам ўзаро тажриба алмашиш, касбий ҳамкорликни кучайтириш ва минтақавий ахборот маконида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Форумнинг иккинчи куни Бирлик куни номи остида давом этгани тадбирнинг асосий ғоясига ҳамоҳанг. Унда жамоатчилик ва гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган ташаббусларни илгари суриш масалаларига эътибор қаратилди.
Бу, айниқса, чегараолди ҳудудларида яшаётган аҳоли учун муҳим. Чунки давлатлараро келишувларнинг ҳақиқий самараси, аввало, инсонларнинг ҳаётида, уларнинг эркин ҳаракати, савдо-сотиғи, маданий ва оилавий алоқаларида намоён бўлади.
2025 йил октябрь ойида Фарғона шаҳрида биринчи Фарғона тинчлик форуми ўтказилган эди. Унда Фарғона, Суғд ва Баткен ҳудудлари раҳбарлари, дипломатлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва тадбиркорлар иштирок этган.
Биринчи форумда Фарғона тинчлик форумини доимий минтақавий мулоқот майдонига айлантириш ғояси илгари сурилган. Бу йилги тадбирнинг Тожикистонда ўтказилиши мазкур жараённинг мантиқий давоми бўлди. Форумнинг Фарғона водийсининг турли ҳудудларида навбатма-навбат ўтказилиши ҳам минтақадаги барча томонларнинг мулоқотда тенг иштирок этиши учун имконият яратади.
Энг муҳими, бу каби тадбирлар доирасида билдирилаётган ташаббуслар амалиётга кўчиши, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик янги лойиҳалар билан бойиши зарур.
Бугун Фарғона водийси олдида янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Чегараларнинг аниқ белгиланиши, сиёсий ишончнинг мустаҳкамланиши, савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши ва халқлар ўртасидаги азалий ришталарнинг тикланиши водийни янги тараққиёт босқичига олиб чиқиши мумкин.
Тинчлик – ишончнинг, ишонч – ҳамкорликнинг, ҳамкорлик эса фаровонликнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Хўжанд ва Гулистонда ўтказилган II Фарғона тинчлик форуми ана шу ҳақиқатни яна бир бор намоён этди.
Фарғона водийси халқларини бирлаштириб турган тарихий ва инсоний ришталар бугун замонавий ҳамкорликнинг янги мазмуни билан бойимоқда. Бу жараёнда Фарғона вилоятининг фаол иштироки эса минтақавий тинчлик, яхши қўшничилик ва барқарор тараққиётга қўшилаётган амалий ҳисса сифатида намоён бўлмоқда.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА