Фарғона вилоятида ишлаб чиқариш кўлами кенгаймоқда
Фарғона шаҳрида яқинда фойдаланишга топширилган “Zhongmin metal products” масъулияти чекланган жамияти металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Саноатчилар кўчасида амалга оширилган ушбу йирик лойиҳа 16 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан тўғри инвестиция ҳисобига барпо этилди. Корхона йиллик 72 минг тонна арматура ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, бу орқали янги иш ўринларини кўпайтириш масаласи бугунги кунда мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда.
Фарғона шаҳар ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги 3-сектор ҳудудида ҳам бу масалага устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бунга шаҳардаги «Ёрмозор» МФЙ ҳудудида Фарғона шаҳар ҳокимлиги ва Республика касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган “Замондош текстиль” оилавий корхонасини келтириш мумкин. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан барпо этилиб, вилоят касаба уюшмалари кенгаши томонидан 20 та замонавий тикув машинаси билан таъминланган корхонада бежирим қишки курткалар тикилмоқда. Бу ерда маҳалладаги кам таъминланган ва “Аёллар дафтари” рўйхатида турган ўнлаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган.
[gallery-4732]
Тадбиркор Нурмуҳаммад Аъзамов ўз ҳовлисида велосипед тузатиш ва териш билан иш бошлаган. Буюртмалар кўпайгач, кенгроқ ишлаб чиқариш майдонига эҳтиёж пайдо бўлди. Сектор раҳбарияти томонидан унга «Ёрмозор» МФЙ ҳудудида жойлашган бўш турган бино-иншоотни аукционда сотиб олиш таклиф этилди. 650 миллион сўм ҳисобига инвестиция шарти билан сотиб олинган бинода бугун 30 дан ортиқ маҳалла ёшлари иш билан таъминланган. Корхонада турли ёш учун мўлжалланган 7 турдаги велосипедлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулот сифати ва нархи мутаносиблиги уларга талабни кун сайин оширмоқда. Тадбиркор режасига кўра, яқин муддатда корхона биноси мукаммал таъмирланади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА