Фарғона узум ва мевалари Малайзияда (+видео)
Ўзбекистон – Малайзия муносабатларининг мустаҳкамланишида Фарғона вилояти деҳқонларининг ҳам ҳиссаси бор. Шу йилдан Малайзиядаги йирик озиқ-овқат дўконларида Фарғона боғларида етиштирилган гилос, узум ва қуруқ мевалар сотила бошланди.
Фарғона вилояти ҳокими яқинда Қуала Лумпур шаҳрига қилган сафари чоғида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан келишувларга эришган эди. Ана шу аҳдлашувнинг ижроси сифатида Малайзия қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазири Муҳаммад бин Сабу бошчилигидаги делегация вакиллари Фарғона вилоятига ташриф буюрдилар ва Олтиариқ туманидаги “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалиги узумчилик плантациясида бўлдилар. Бу ерда “ҳусайни”, “келинбармоқ”, “ризамат”, “мерседес” навли узумлар етиштирилмоқда. Меҳмонлар Олтиариқ узумларини Малайзия бозорига кенгроқ ва кўпроқ олиб кириш юзасидан келишувлар тузишди. Маълумки, ўтган йиллар мобайнида Олтиариқда узумчиликнинг ўзига хос мактаби шаклланди. Ўнлаб турдаги янги узум навлари нафақат ички бозорда, балки хориж давлатларида ҳам харидоргир бўлиб бормоқда. Экспорт географияси МДҲ давлатларидан ташқари Эрон, Индонезия, БАА, АҚШ, Малайзия сингари мамлакатлар ҳисобига кенгайди.

Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Малайзия қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазири Муҳаммад бин Сабу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, агротехнологиялар, балиқчилик ва шоличилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бу жараёнда Малайзиянинг илғор тажрибасидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, экспорт ҳажмини ошириш, логистика ва зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
<iframe width="914" height="523" src="https://www.youtube.com/embed/8qj62x-dMhI" title="Farg‘ona uzum va mevalari Malayziyada" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА