Фарғона шаҳрида кўчатлар экилмоқда
Мутахассисларнинг илмий тадқиқотлари хулосаларига кўра, битта етилган манзарали дарахт бир кунда 200 литргача ер ости захини ўзига сингдириб, уни барглари орқали кислородга айлантириб чиқаради. Шу мисолнинг ўзи нега давлат раҳбари “Яшил макон” лойиҳаси ташаббускори бўлганини кўрсатади.
Бугун эрталабдан Фарғона шаҳар марказида кўчатсевар ёшу кексалар, ташкилот ва идораларнинг вакиллари йиғилди.
– “Яшил макон” лойиҳаси доирасида шу кузнинг ўзида Фарғона шаҳрида 500 минг туп дарахт экишга жой ҳозирладик, – деди Фарғона шаҳри ҳокими Восилжон Назаров. – Завод - корхоналар, таълим муассасалари, маҳаллалар вакиллари фаоллик кўрсатмоқда. Тез кунларда кузги экиш мавсумини якунлаймиз.
Шаҳар нуронийларининг эзгу тилак ва фотиҳаларидан сўнг кўчат юкланган транспорт воситалари аввалдан тайёрлаб қўйилган ҳудудларга томон йўл олди.
[gallery-20371]
– Шаҳарда кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотганлар, турли ижтимоий дафтарларга киритилганлар бор, – дейди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Фарғона шаҳар бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Зиявитдинов. – Бугун биз юзга яқин ана шундай оилалар ҳузурида бўламиз. Уларнинг ҳовлиси, уйи олдига мевали ва манзарали дарахтлар экиб берамиз.
“Яшил макон” лойиҳаси асосида илгари ҳам юз минглаб кўчатлар экилган. Аммо уларнинг бир қисми турли сабабларга кўра қуриб қолди.
– Бу йил экиш учун жой танлашда сув таъминоти, экишнинг агроталаблари ижроси, доимий парваришлаш, ўғитлаш, кесиш, дорилаш каби жараёнларга масъуллар бириктирилди. Энди ҳар бир дарахтнинг “эгаси” бор, – дейди Восилжон Назаров.
Муҳаммаджон Обидов,Муқимжон Қодиров(сурат),
ЎзА мухбирлари