Фарғона сайёҳларни ўз бағрига чорламоқда
Водий дурдонаси бўлган Фарғона вилоятида туризмни янада ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Фарғона тумани Водил қишлоғидаги “Чинор таги”, Аввал қишлоғида жойлашган “Етти булоқ”, Саткак қишлоғи, Учкўприк туманидаги “Меҳригиё”, Қўқон давлат ўрмон хўжалиги, Қувасой шаҳридаги Арсиф, “Водий тулпорлари” от спорти мажмуаси, Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори қирғоқлари, “Фарғона анорлари” ҳамда “Миндонобод” агросаноат фирмалари бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш йўналишларида янги лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Бешариқ туманининг Қияли ва Андархон қишлоқлари ҳамда Сўх туманида экотуризм лойиҳаларини амалга ошириш, Фарғона туманидаги Чимён қишлоғи, Олтиариқ туманидаги Қизилтепа қишлоқларида меҳмон уйларини ташкил этиш ишларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Туризм қишлоқлари ва қадамжойларга олиб борувчи йўл белгиларини ўрнатиш, инфратузилма ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожлантирилмоқда.

Фарғона туманидаги Аввал қишлоғи сўлим табиати, зилол сойлари билан машҳур. Бу ерда 24 та оилавий меҳмон уйлар ташкил этилиб, овқатланиш, соғломлаштириш, транспорт, аттракцион, экскурсия сингари қўшимча хизмат турлари ташкил этилди. Қишлоқнинг сайлгоҳ ҳудудида тадбиркор Камолжон Икромов ташаббуси билан қадимий усулда ун ишлаб чиқарувчи тош тегирмон фаолияти йўлга қўйилди. Яна бир ўзига хос хусусияти ер қарида кўз очган “Етти булоқ” сувининг шифобахш хусусиятлари сайёҳлар оқимини кенгайтирмоқда. Ўтган ёз мавсумида бу ерга 80 мингдан ортиқ сайёҳатчилар келган.
Фарғона тумани Саткак қишлоғидаги 3,5 мингдан ортиқ аҳолининг аксарияти булоқлар ва қишлоқ номидаги ариқ бўйида яшайди. Сўлим табиат қўйнида жойлашган кичик қишлоқда 14 та оилавий меҳмон уйлари мавжуд. Ҳар йили бу қишлоққа 100 мингдан ортиқ саёҳатчи ва зиёратчилар келади. “Саткак” зиёратгоҳига ички туризм орқали келувчилар сони ортиб бораётгани инфратузилма тармоқлари фаолиятини яхшилашга бўлган эътиборни оширди. Шу мақсадда 3 та Wi-Fi нуқталари ўрнатилди, 4 та санитария гигиена шохобчаси ташкил этилди, зиёратга олиб борувчи 5 та йўл белгилар ўрнатилди, ички йўллар, кўнгилочар савдо марказлари, аттракционлар таъмирдан чиқарилди.
Бугун вилоятда туризм соҳасини комплекс ривожлантириш, янги йўналишлар ташкил этиш, сайёҳларга қулай транспорт-логистика, меҳмонхона, умумий овқатланиш сингари сервис ва хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолиятини йўлга қўйишга бўлган эътибор ошди. Тарихий қадамжолар, пурвиқор тоғлар, ҳунармандчилик марказлари, маъданли сувлар, бой табиатли сўлим жойларида дам олиш таклиф этилмоқда. Экотуризм, агротуризм, этнотуризм, спорт туризми, қишлоқ туризми ва тиббиёт туризми каби янги йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўтган йили 256 мингдан зиёд хорижлик, 1 миллион 500 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳлар Фарғонада меҳмон бўлди. Бу 2021 йилга таққослаганда уч ҳиссага кўп. Туристлар учун 5 та 247 ўринли замонавий меҳмонхонадан ташқари 35 та оилавий меҳмон уйлар, 12 та хостеллар ташкил этилди. Сайёҳлик йўналишида иш олиб бораётган туроператорлар сони 76 тага ортди, хизматлари экпорт 31 миллион долларни ташкил қилди. Бу аввалги йилларга нисбатан икки баробарга кўп.
Бу йўналишда умумий қиймати 83,3 миллиард сўм инвестиция маблағлари ҳисобига меҳмонхона, кафе ва ресторан хизматлари дам олиш ҳамда транспорт хизматлари ташкил этилди, 330 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилда вилоят салоҳиятидан келиб чиқиб, 2 триллион 322 миллиард 502 миллион сўм бўлган 239 та лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ҳудудларнинг туризм салоҳияти, мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, ўсиш нуқталарини аниқлаб, сайёҳларни жалб этиш бўйича асосий драйверлар белгилаб олинди. Бу йўналишларда 3 та “Туризм маҳалласи” ва “Туризм қишлоғи”, Фарғона шаҳридаги Сайилгоҳ, Юксалиш, Ахмад Фарғоний, Каштанзор кўчалари “Туризм мавзеси”, Қўқон шаҳрида 4 та туризм кўчалари ташкил этилади.
М.Сулаймонов,
ЎзА