Фарғона: қишга ким қандай тайёрланмоқда? (+видео)
Аҳолини газ билан узлуксиз равишда таъминлаш ҳамиша давлатнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб келган. Хўш, Фарғона вилоятида қиш мавсумига тайёргарлик қандай боряпти?
Вилоятда 510 мингга яқин газ истеъмолчиси мавжуд. “Ҳудудгаз Фарғона” газтаъминот филиали қиш мавсумига ҳар тарафлама тайёргарлик кўрмоқда.
– Вилоят бўйича бугунги кунга қадар 24 километр газ қувурлари, шундан 11,2 километр янги газ тармоқлари тортилди. 57 мингта хонадон режага киритилган бўлиб, бундан 35 мингтаси якунланди. 70 мингдан ортиқ тежамкор горелкаларни алмаштириб бўлдик. Бунинг натижасида 20 фоиз газни иқтисод қилишга эришдик, – дейди “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали директори Шавкатжон Абдумажидов.

Таъминот узлуксизлиги тақсимлаш ускуна ва жиҳозлари созлигига ҳам боғлиқ. Шунинг учун вилоятдаги барча газ тақсимлаш шохобчалари тўлиқ таъмирланди.
– Қувасой шаҳар газ таъминотига қарашли газ тақсимлаш пунктлари мавжуд бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёрлаш режаси доирасида уларни тафтишдан ўтказдик. Бундан ташқари ер ости газ қувурларини ҳаво ёрдамида тозалаш ишлари, газ қувурларини текшириш амалга оширилди, – дейди“Ҳудудгаз Фарғона” Қувасой шаҳаргаз ГТБ мутахассиси Алишер Дадабоев.
Маълумки, илгари аҳоли яшаш жойларида кўча боши ёки чорраҳаларда ГРП қўйилар, унда газ уч босқичда: юқоридан ўрта, ўртадан паст босимга ўтказилар эди. Фарғонада аҳолига газ етказишда босимни кўтариш, технологик йўқотишнинг олдини олиш мақсадида энди уч босқичдан икки босқичга ўтказилмоқда.

– Фарғона шаҳрининг Ҳувайдо маҳалласидаги Қирлола кўчасида ўтган куз-қиш мавсумида юзага келган муаммоларнинг олдини олиш, газ таъминотини яхшилаш мақсадида хонадонларни икки босқичли тизимга ўтказиш ҳамда газ билан таъминловчи қувурларни модернизация қилиш ишлари олиб бориляпти. Ушбу жараёнда ҳар битта аҳоли хонадонига ўрнатилган газ ҳисоблагич ускуналарини хонадонларнинг кўча қисмига олиб чиқиб, газ ҳисоблагич ускунасидан олдин регулятор қурилмаси ўрнатилмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Фарғона” ГТФ бўлими бошлиғи Ҳумоюн Ўктамов.
Хўш, бу нима беради? Хонадонларга ўрта босимда газ таъминоти етказилиши ҳисобига куз-қиш мавсумида табиий газ таъминотида узилишлар юзага келмайди. Шу билан бирга бир меъёрда ва энг муҳими газ таъминоти хавфсиз равишда амалга оширилади.
Бу йил қиш мавсумида Фарғона шаҳридаги яна 15 минг аҳоли газ таъминоти яхшиланиши кутиляпти. Шаҳар марказидаги газ таъминоти ҳалқасига 5,3 километрлик диаметри 159 миллиметр янги қувур уланяпти.

Амалга оширилаётган ишлар асосида тежамкорликка эришиш муҳим натижа беряпти.
– Кундан-кунга газга бўлган эҳтиёж ошиб боряпти. 1 кунда вилоятимиз бўйича 150 миллион кубга яқин газ оламиз. Бунда тежалган 20 фоиз газни янги қўшилган, эҳтиёжманд истеъмолчилар ва кўп қаватли хонадонларга бериб боряпмиз, – дейди Шавкатжон Абдумажидов.
“Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали жамоаси учун аҳолига суюлтирилган газ етказиш ҳамиша бирламчи вазифа бўлган. Шу йилнинг ўзида газ тўлдириш иншоотларига 35 дона янги энергия тежамкор газ қуйиш қурилмаси ўрнатилди. Электр узилишларининг олдини олиш мақсадида барча ГШТлардаги электр генераторлар техник кўрикдан ўтказилди. Газ тўлдириш шохобчаларидаги ускуналар давлат қиёслаш чоғида меъёрий талабларга мослиги аниқланди.

– 2024-2025 куз-қиш даврига ўтган йилга нисбатан 6000 тонна кўп суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Яъни ўтган йили 83 минг 600 тонна йил давомида суюлтирилган газ етказиб берилган бўлса, бу йил 89 минг 500 тонна етказиб берамиз, – дейди “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали директори ўринбосари Улуғбек Сайфуддинов.
Маълумки, қиш мавсумида эҳтиёж ортиб, газ баллонларини тезроқ алмаштириш зарурати туғилди. Мутахассислар бу масалага ҳам ечим топишди.
– Ҳар битта шохобчага 200 тадан қўшимча захира газ баллони келтирилган. Бу газ баллонларини тозалаб, сўнг қуйиб сифатли суюлтирилган газ етказиб бериш имконини яратди, – дейди “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали директори ўринбосари Улуғбек Сайфуддинов.

Бу тасвирлар Риштон туманининг энг чекка қишлоқларидан бирида туширилган. “Ҳудудгаз Фарғона” идораси газ тарқатувчи автомашиналари белгиланган режа асосида ҳар бир хонадонга суюлтирлган газ етказиб бермоқда. Идора масъуллари хонадон эгалари билан уйма-уй юриб улардан хизмат кўрсатиш ҳақида фикр мулоҳазалар олишяпти.
– Ҳозир биз Юқори Бешкапа марказий маҳалласида турибмиз. Бу ерда 300 та хонадон бор. Газ баллонлари муддатида, 40-45 кунда график асосида келяпти. Узилиб қолгани йўқ. Қиш мавсумида оралиқ муддати 30-35 кунга қисқартирилишини кутяпмиз, – дейди “Юқори Бешкапа” МФЙ раиси Зафаржон Абдураҳмонов.
“Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали қиш мавсумига комплекс тадбирларни амалга оширди. У қанчалар натижадорлиги мавсумда аён бўлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/nFytGXJgeoQ" title="Fargʻona: qishga kim qanday tayyorlanmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари