Фарғона – Минск: фармацевтикада кооперация
Ўзбекистон – Беларус иқтисодий ҳамкорлик борасида янги қўшма ва хорижий корхоналар ташкил этмоқда. Ўзаро товар айланмаси ўсиб боряпти. Бунда, айниқса, ҳудудларнинг тўғридан - тўғри муносабатларини йўлга қўйиш самара бермоқда. Бугун Фарғона вилояти Беларуснинг Минск, Гомел вилоятлари билан ўзаро кооперацияда маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этди. Беларусга Фарғоналикларнинг навбатдаги сафари ҳам шу мақсадни кўзлаган.
Беларус Республикасига борган Фарғона вилояти делегацияси «Белмедпрепараты» давлат фармацевтика корхонасида бўлди.
«Белмедпрепараты» Беларус фармацевтика саноатининг етакчи корхоналаридан бири бўлиб, 95 йилдан ортиқ ишлаб чиқариш тажрибасига эга. Корхона инсулин, фермент ва биоген препаратлар, шунингдек, онкологик касалликлар ҳамда силни даволашда қўлланиладиган дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Корхона таркибида 11 та технологик ва 6 та ёрдамчи цех мавжуд бўлиб, ишлаб чиқариш майдонлари 20 гектардан ортиқ ҳудудни эгаллайди. Барча ишлаб чиқариш участкалари халқаро GMP стандартлари талабларига мувофиқ сертификатланган.
Айни пайтда корхонада 300 га яқин турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг 60 фоизга яқини ички бозорда сотилса, қолган 40 фоизга яқини дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинади. Шунингдек, ҳар йили 5-8 турдаги янги дори воситаларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Вилоят ҳокими ўринбосари Ислом Мадаминов Ўзбекистоннинг Беларус Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов иштирокида Беларус Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Борис Андросюк, «Белфармпром» фармацевтика холдинги бош директори Юрий Походня ва «Белмедпрепараты» корхонаси бош директори Александр Жадан билан учрашди. Унда фармацевтика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, илғор технологиялар ва тажрибаларни ўрганиш, Фарғона вилоятида дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА