Оҳангаронда саноат салоҳияти юксалмоқда
Мамлакатимизда саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада ҳудудларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ҳам ушбу йўналишларда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юқори кучланишли кабель маҳсулотлари, мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар фаолияти ҳудуднинг саноат салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жумладан, ҳудудда фаолият юритаётган “Enco Group” қўшма корхонасида юқори кучланишли кабель маҳсулотлари, мис трубкалари ва изоляцияланган мис шиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Умумий қиймати 57,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур инвестициявий лойиҳа доирасида йилига 24 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Корхона фаолияти натижасида 350 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистонда илк бор импорт ўрнини босувчи 110, 220 ва 330 киловольт кучланишга мўлжалланган юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу электр энергетикаси инфратузилмасини ривожлантириш, электр тармоқларини модернизация қилиш ҳамда йирик саноат объектларини зарур маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Мутахассислар маълумотига кўра, ушбу ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши юқори кучланишли кабель маҳсулотлари импортини 60 фоизга қисқартириш, йиллик ҳисобда эса 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағни тежаш имконини беради. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ички бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш, валюта ресурсларидан самарали фойдаланиш ва мамлакатнинг ташқи таъминотга қарамлигини камайтириш нуқтаи назаридан муҳимдир.
Туманда амалга оширилаётган яна бир истиқболли лойиҳа “Infinity Copper Group” МЧЖ фаолияти билан боғлиқ. Корхонада мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш тўлиқ қувватда йўлга қўйилган бўлиб, бу ҳудудда замонавий саноат тармоқларини ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Умумий қиймати 36 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳа доирасида 300 та янги иш ўрни яратилган. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 35 минг тонна мис қувурлари ва фитингларни ташкил этади.
Мазкур лойиҳанинг тўлиқ қувватда ишлаётгани жалб этилган сармояларнинг амалий натижасини кўрсатади. Энг муҳими, бундай ишлаб чиқариш корхоналари нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кўпайтириш, балки ҳудудда саноатнинг янги йўналишларини ривожлантириш учун ҳам замин яратади.
Умуман, «Enco Group» ва «Infinity Copper Group» корхоналари фаолияти Оҳангарон туманида саноатни диверсификация қилиш, замонавий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳаллий маҳсулотлар турини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини намоён этади. Ушбу лойиҳалар орқали жами 93,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, 650 та янги иш ўрни яратилган.
Таҳлилларга кўра, жорий йил бошида туманда 250 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий сармояларни ўзлаштириш режалаштирилган. Бу эса ҳудуд иқтисодиётига янги сармояларни жалб этиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва саноат тармоқларини ривожлантириш учун муҳим асос бўлади. Шунингдек, ҳудуд экспортини 160 миллион АҚШ долларига етказиш мақсад қилинган. Унинг 147,2 миллион доллари саноат маҳсулотлари, 12,8 миллион доллари эса мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳиссасига тўғри келади. Белгиланган кўрсаткичларга эришишда маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ва ташқи бозорларга етказиб бериш ҳажмини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Бундай ташаббуслар ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсиши, саноат салоҳиятининг мустаҳкамланиши ва аҳоли фаровонлигининг ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Айни пайтда, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш ва миллий саноатнинг ички бозордаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
А. Мусаев, ЎзА