Фарғона: экошаҳар қурилиши давом этмоқда
Фарғона вилоятида Фарғона шаҳридаги экошаҳар ҳудуди, Фарғона туманидаги “Янги аср”, Ёзёвон туманидаги “Юқори сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғинида “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши қизғин давом этмоқда. Бу ҳудудларда 143 та 6 минг 390 хонадонли уй-жойлар қад ростламоқда.
Вилоят марказидаги 300 гектар тошлоқ ерда барпо этилаётган экошаҳар лойиҳаси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Айни пайтда бу ерда “Янги Ўзбекистон” массивининг дастлабки босқичида 4 минг 300 хонадондан иборат 80 та кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Бу ерда Наврўз байрами арафасида кўплаб юртдошларимиз янги уй тўйларини нишонлайди.

– Табиий-иқлим шароити ўрганилиб, геология-қидирув ишлари натижасида бу ерда жаҳон андозалари даражасида 7 қаватдан 25 қаватгача бўлган уйлар қурилиши кўзда тутилган, – дейди Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Лазизбек Позилов. – Шу мақсадда вилоят ҳокимлиги делегацияси таркибида қурувчи-тадбиркорларимиз билан бирга Жанубий Корея, Туркия, Япония тажрибасини ўрганиб келдик.

Лойиҳага кўра, янги массивда 2025 йилга қадар 60 минг, яқин истиқболда 150 минг аҳоли яшашига мўлжалланган замонавий шаҳарча қад ростлайди. Барча коммуникация – ички йўллар, электр ва иссиқлик таъминоти, ичимлик ва оқова сув тармоқлари харажати тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Ўз навбатида ҳудудда 6 та мактаб, 10 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та оилавий поликлиника, кўп тармоқли тиббиёт маркази, 4 минг ўринли амфитеатр, маданий иншоотлар, сунъий кўл, канал қурилади. Шунингдек, 70 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этилмоқда.
– Коммуникация харажатлари давлат ҳисобидан бўлаётгани уйларнинг деярли тенг яримига арзон бўлишини таъминлаяпти,– дейди “Камолхонов Жаҳон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жаҳонгир Камолхонов. – Мисол учун ҳозирда 1 метр квадрат уй нархи ўртача 4,5 милион сўм бўлмоқда. Агар коммуникация харажатлари қўшилса, уйнинг 1 метр квадрати 9 миллион сўмга баҳоланарди. Хуллас, уй олувчига ҳам, қурилиш ташкилотига ҳам имтиёзлар бор.

Шу кунларда массивда яна 50 та кўп қаватли уй қуриш учун ер майдонлари имтиёзли тарзда аукцион савдоларига чиқарилди. Банк кредити, субсидия ажратиш, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари билан боғлиқ масалаларни тез ва ўз вақтида ҳал этиш мақсадида шу ернинг ўзида ипотека маркази қуриб битказилди.
2023 йилдан бошлаб ҳар бир кўп қаватли уйда ота-она қарамоғидан маҳрум, етим болаларга субсидия асосида ёки бепул тарзда берилиши учун 1 хонали уйлар қуриш ҳам режага киритилди. Уйлар йўлакларида ногиронлиги бор шахслар учун пандуслар ўрнатилиши қатъий талаб сифатида белгиланди. Ҳар бир уй энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланиб, том қисмига қуёш панеллари ўрнатиляпти. Коммуникация жиҳозлари ер остида – битта туннелда жамланмоқда. Бу кейинчалик таъмирлаш ишларини қулай шароитда, сифатли бажариш имконини беради.
–Уйлар лойиҳаси ранг-баранг: бирининг том қисмида яшил ҳудуд ташкил этилаётган бўлса, яна бирида спорт майдони, умумий овқатланиш шохобчалари бўлади, – дейди қурувчи Абдулазиз Усмонов. – Биринчи қаватда кундалик фойдаланиладиган жиҳозлар, болалар велосипедлари, ўйинчоқларини сақлашга мўлжалланган махсус жой ҳозирланяпти. Бу хонадон соҳибларини керакли жиҳозларни ҳар куни юқори қаватга олиб чиқиш ва олиб тушишдан халос этади.
Ҳар бир инсон ҳаётда ўз бошпанаси бўлишни истайди. Мана бундай уй-жойларнинг бунёд этилиши эса юртимизда инсон қадри улуғ эканлигидан далолатдир.
М.Сулаймонов,
ЎзА