Фарғона биринчи тинчлик форумини кутмоқда
Фарғона тарихдан водий маркази сифатида иқтисодий ва сиёсий воқеликлар майдони бўлган.
У қўшни давлатларнинг энг йирик, стратегик аҳамиятга эга вилоятлари билан ҳамкорликнинг ташаббускори сифатида халқаро ташкилотлар томонидан ҳам тан олинмоқда. Айнан шунинг учун 15-16 октябрь кунлари “Биринчи Фарғона тинчлик форуми” да БМТ, EXҲT каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишларини тасдиқладилар. Умуман, “Биринчи Фарғона тинчлик форуми” минтақада тинчликни мустаҳкамлаш, ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш ғояларига хизмат қилиши кўзда тутилган.
Унинг ишида Қирғиз Республикасининг Боткен, Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари раҳбарлари, ишбилармон доира вакиллари, жамоат ташкилотлари етакчилари ва оммавий ахборот воситалари мухбирлари иштирок этадилар.
– “Биринчи Фарғона тинчлик форуми” Фарғона давлат университети мулоқот майдонида бўлиб ўтиши биз учун фахр, – дейди университет ректори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммадов. – Халқаро форум ва тадбирлар ўтказиш тажрибамиз бўлсада, буниси алоҳида тайёргарлик кўришни тақозо этди. Ҳозиргача барча зарур тайёргарлик ишлари кўрилган. Йиғилиш заллари, юзма-юз мулоқот, битимлар имзолаш хоналарини барча талаблар даражасида ҳозирлаб қўйдик.
Форум доирасида минтақаларнинг савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар масалалари ҳам муҳокама қилинади. Фарғона тинчлик форумини кутмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА