Фарғонада сиёсий партиялар фаоллиги қандай?
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси сайлов жараёнида жамоатчилик томонидан сиёсий партиялар фаолияти бўйича фикр ва изоҳлар юзасидан брифинг ташкил этди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси сайлов жараёнида жамоатчилик томонидан сиёсий партиялар фаолияти бўйича фикр ва изоҳлар юзасидан брифинг ташкил этди.
Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида бўлиб ўтган мазкур тадбирда вилоятдаги сиёсий партияларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Жорий йилнинг 22 декабрь куни мамлакатимиздаги сиёсий партиялар муҳим синов – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига бўладиган сайловларда иштирок этади. Сайловларнинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, дунёда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос ҳолда ўтиши кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг ушбу жараёнга пухта тайёргарлик кўриши ҳамда чуқур ўйланган янги ғоя ва мақсадлар, дастурлар билан уларда фаол иштирок этишига боғлиқ. Брифингда партия раҳбарлари сайловолди дастурларидаги устувор вазифалар ҳамда амалга оширилаётган ишлари борасида атрофлича маълумот бериб ўтишди.
– Мамлакатимизда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишини кафолатлаш, сайлов қонунчилигини халқаро андозалар асосида босқичма-босқич такомиллаштириш ҳамда сайловларни умумэътироф этилган демократик принциплар доирасида ўтказишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Саидфарруҳ Исломов. – Миллий қонунчилигимизда бўлажак сайловларда депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунинг учун ҳам сиёсий партиялар янада фаол бўлиб, сайловларда муносиб иштирок этиши керак. Бугунги тадбирда бўлажак сайловлардаги уларнинг фаолияти жамоатчиликка хабардор қилинди.