Фаолиятимизнинг самараси одамлар ҳаётида кўриниши керак (+видео)
Хоразм вилоятининг Янгибозор туманининг деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашган Ифтихор маҳалласида 2 минг 950 нафар аҳоли, 607 та хонадонда 803 та оила бўлиб истиқомат қилади.
Маҳалла аҳолиси бир неча йилдан буён ички йўлларнинг носозлиги туфайли қатор қийинчиликларга дуч келаётган эди. Айниқса, айрим кўчаларни асфальтлаш масаласи фуқароларнинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланган.
Шу мақсадда маҳалла аҳли бир неча бор “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида иштирок этган бўлса-да, етарли овоз тўпланмагани боис ташаббус ғолибликка эриша олмаган.
Бу гал эса вазият ижобий ҳал этилди. “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсуми доирасида амалга оширилган “Депутат танлови” лойиҳаси асосида ўтказилган ўрганишлар натижасида “Ифтихор” маҳалласи танлаб олиниб, кўчаларни асфальтлаш ишларига старт берилди.
Жараённинг боришини ўрганиш ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ойбек Отамуратов ва Жуманазар Отажонов маҳаллада бўлди.
Депутатлар амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишиш баробарида маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда туман ҳокими, маҳалла фаоллари ҳамда тегишли идоралар масъуллари иштирок этди. Унда фуқароларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
– Депутат фаолияти бу фақат мажлислар залидаги муҳокамалар эмас, – дейди парламент депутати Ойбек Отамуродов. – Унинг асл самараси, аввало, ҳудудда, халқ орасида, одамларнинг кундалик ҳаётида кўринади. Ўтказилаётган навбатдаги ўрганишларимиз ҳам айнан шу мақсадга, яъни муаммони эшитиш эмас, унинг ечимига амалий кўмаклашишга қаратилган. Учрашувларимиз давомида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлаш, байрам тадбирларини мазмунли ташкил этиш ҳамда мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни кенг жамоатчиликка етказиш масалаларига ҳам эътибор қаратмоқдамиз.
Янгибозорликларнинг муаммолари бартараф қилингач, кейинги манзил Шовот тумани бўлди.
Дўстлик ва Қангли маҳаллаларидаги сайловчилар билан учрашувлар давомида Президент раислигида "Ҳудуд ва тармоқларда ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача амалга ошириладиган устувор вазифалар" муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалаларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Учрашувларнинг асосий қисми яна халқ мурожаатларига бағишланди.
Фуқаролар томонидан кўтарилган масалалар тингланиб, уларнинг ечими бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди ва масъул ташкилотларга тегишли тавсиялар берилди.
Жумладан, Қангли маҳалласида сув масаласида муаммо мавжуд. Маҳалла фаоллари деҳқончиликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун артезиан қудуқ қазиш орқали сув таъминотини яхшилаш таклифини илгари сурди.
Рақамлар ҳам ушбу муаммонинг кўламини кўрсатиб турибди. Ҳудуддаги 512 та хонадоннинг 490 тасида томорқа ер майдони мавжуд. Бироқ, мазкур маҳалла вилоятнинг чекка ҳудудларидан бири бўлганлиги сабабли оқар сувнинг етиб келиши қийин. Қарийб 100 та хонадон ҳар доим томорқасини етарли даражада суғориш имконига эга эмас. Мавжуд ер ости сувлари вегетация даврида эҳтиёжни тўлиқ қоплай олмаяпти.
Ушбу масала ҳам жойида ўрганилиб, уни ҳал этиш бўйича тегишли тавсия ва таклифлар билдирилди.
[gallery-30697]
Очиқ айтиш керакки, депутатларнинг ҳудудлардаги фаолияти фақат муаммони аниқлаш билан чекланмайди. Уларнинг фаолиятида “депутат назорати” йўналишининг жорий этилгани ҳам аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган.
Мисол учун, Гурлан туманидаги “Сабир Ота невараси” фермер хўжалиги раҳбари Расулбек Ҳасанов фермасига қуёш панелларини ўрнатиш лойиҳаси учун 1 миллиард 400 миллион сўм кредит ажратишда амалий ёрдам сўраб депутат Ойбек Отамуратовга мурожаат қилган.
Мурожаат асосида депутат Марказий банк, “Халқ банки” акциядорлик тижорат банки ҳамда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамиятига сўровномалар юборди. Депутат сўровидаги масала белгиланган тартибда кўриб чиқилди тадбиркор сўраган миқдордаги кредит маблағлари ажратилди.
Депутатлар бу ерда ҳам амалга оширилган ишлар билан танишиб, хўжалик фаолиятини ривожлантиришда яна кўмак лозим бўлса, ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирди.
– Бугунги кунда муқобил энергия ҳар фермер учун жуда зарур, – дейди “Сабир Ота невараси” фермер хўжалиги раҳбари Расулбек Ҳасанов. – Вилоятимиздаги деярли барча фермер хўжаликлари суғориш тизимларини қуёш панеллари орқали ишлатади. Бу ҳам қулай ва жуда даромадли. Сув насослари ишламаётган пайтда қувватни давлатга сотиш имкониятининг яратилгани қўшимча даромад дегани. Бироқ, Қуёш панелларини ўрнатишда ҳам озмунча маблағ кетмайди. Шу сабабдан депутатларимиздан ёрдам сўрадим. Масала тез фурсатда ҳал этилди. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Депутатлар Урганч туманидаги маиший чиқинди полигонида бўлиб, у ердаги тозалик, экологик хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни ҳам ўрганди.
“Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси” давлат муассасасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасига қарашли мазкур объект 1982 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, умумий майдони 15 гектарни ташкил этади.
Бу ерга ойига ўртача 9 минг 145 тонна маиший чиқинди қабул қилинади. Йиллик кўрсаткич эса 51 минг 82 тоннани ташкил этади.
Депутатлар полигоннинг бугунги ҳолати, чиқиндиларни қабул қилиш ва сақлаш жараёнлари, санитария талаблари ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш масалаларига эътибор қаратди.
– Бир нечта манзил. Турли муаммолар. Аммо мақсад битта – одамларнинг мурожаатларини тинглаш, муаммони жойида ўрганиш ва уни ҳал этишга кўмаклашиш, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жуманазар Отажонов. — Ифтихор маҳалласида йўллар билан боғлиқ муаммо амалий ечим топмоқда. Қангли маҳалласида ичимлик суви таъминотини яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Гурланда тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди. Урганч туманида эса экологик хавфсизликка оид масалалар назоратга олинди.
Ҳудудлардаги ўрганишлар давомида кўтарилган мурожаат ва таклифларнинг барчаси кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш юзасидан масъул ташкилотларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
<iframe width="1045" height="588" src="https://www.youtube.com/embed/m2VeibxFT5U" title="Deputat: Faoliyatimizning samarasi odamlar hayotida ko`rinishi kerak" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат, видео),
ЎзА мухбири