Фаол китобхонлар тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги адиб Собир Термизий номидаги Сурхондарё вилоят Ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши томонидан меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган 35 ёшгача бўлган ёш ходимлар ўртасида “Китоб-маърифат манбаи” шиори остида “Энг фаол ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.
Ёшлар ойлиги доирасида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёшлар, касаба уюшмалари фаоллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари А.Аҳмедов сўзга чиқиб, мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Танлов давомида иштирокчилар ташкилий қўмита томонидан тавсия этилган ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдона асарлари ҳамда илмий публицистик адабиётлар бўйича ўз билимини намойиш этиб, тест ва савол-жавоблар шартлари асосида беллашди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувда фахрли Термиз давлат университети ўқитувчиси Мухриддин Хидиров биринчи, Термиз иқтисодиёт ва сервис университети ўқитувчиси Феруза Рахмонқулова иккинчи, Термиз шаҳар 1-техникуми ўқитувчиси Жамшид Ҳазратқулов учинчи ўринни эгаллади.
[gallery-30103]
Фаол иштирокчилар ва ғолиблар касаба уюшмаларининг диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, ғолибликни қўлга киритган китобхонларга Самарқанд вилоятига 2 кунлик саёҳатга бориш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Мазкур танлов ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда китобга меҳр ва муҳаббатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамият касб этди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА