“Фаол ҳаётга қадам”: ислоҳотлар самараси ва мавжуд муаммолар
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, кекса ёшдагилар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш, сифатли ижтимоий хизматларни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда фуқароларнинг ҳаёт сифатини ошириш, уларнинг мустақил ҳаёт кўникмаларини ривожлантириш ва жамиятга тўлиқ мослашувини таъминлаш асосий мақсад этиб белгиланган.
Ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётган муҳим ташаббуслардан бири “Фаол ҳаётга қадам” дастуридир. Ушбу дастур нафақат эҳтиёжманд фуқароларга манзилли ижтимоий хизмат кўрсатиш, балки уларга хизмат кўрсатиш сифати устидан самарали назорат ўрнатиш имконини ҳам бермоқда.
Дастур ижроси доирасида Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан Навбаҳор туманида ўтказилган комплекс ўрганишлар давомида ўзгалар парваришига муҳтож кекса ёшдаги фуқароларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сифати ва ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Ҳозирги кунда туманда жами 198 нафар ўзгалар парваришига муҳтож шахс мавжуд бўлиб, уларга амалдаги қонунчилик ва миллий стандартлар талаблари асосида ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинаётгани аниқланди.
Жумладан, туманнинг Меҳнат маҳалласида яшовчи Олимқул Сафаров билан ўтказилган суҳбатда у уй шароитида кўрсатилаётган ижтимоий-маиший хизматлардан мамнун эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, ижтимоий ассистент томонидан овқат тайёрлаш, кийим-кечакларини ювиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини харид қилиш, тиббий муассасаларга боришида ҳамда кундалик юмушларида доимий амалий кўмак кўрсатилмоқда.
Бироқ ўрганишлар давомида айрим камчиликлар ҳам аниқланди. Хусусан, туманнинг Қизилработ маҳалласида ёлғиз истиқомат қилувчи Раъно Маманазарованинг яшаш шароити ўрганилганда, унинг хонадонида таъмирлаш ва мослаштириш ишлари етарли даражада ташкил этилмагани маълум бўлди. Бу эса унинг кундалик эҳтиёжларини қондиришда, айниқса, санитария-гигиена талабларига риоя қилишида қийинчиликлар келтириб чиқарган. Мазкур муаммо туман “Инсон” маркази томонидан ўз вақтида назоратга олинмагани сабабли хизмат олувчининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан масъуллар иштирокида муҳокама ўтказилиб, Раъно Маманазаровага зарур ижтимоий хизматларни тўлиқ ташкил этиш, яшаш шароитини яхшилаш ва аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилса, масъулларга нисбатан қатъий таъсир чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Шу билан бирга, “Кескантерак”, “Бешработ”, “Кўҳрон”, “Янгиобод”, “Қизилой”, “Янгиҳаёт», “Тошработ” ва “Ялтиробод” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддилар билан танқидий муҳокамалар ўтказилиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Бугунги кунда давлат томонидан яратилаётган имкониятлар ва қабул қилинаётган қарорлар ижтимоий ҳимоя тизимини янги босқичга олиб чиқмоқда. Бироқ бу ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси ҳар бир масъул ходимнинг ўз вазифасига виждонан ёндашиши, хизмат сифати учун шахсий масъулиятни ҳис қилиши билан белгиланади. Бепарволик, лоқайдлик ва назоратнинг сусайиши эса аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатига салбий таъсир кўрсатиб, давлат идораларига бўлган ишончга путур етказиши мумкин.
Шу боис “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида амалга оширилаётган ҳар бир мониторинг ва ўрганиш нафақат мавжуд муаммоларни аниқлаш, балки уларни ўз вақтида бартараф этиш, аҳоли мурожаатларига тезкор ечим топиш ҳамда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг ҳаётдаги амалий натижасини таъминлашга хизмат қилади.
Элбек Икромов,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг
Навоий вилояти бошқармаси бош мутахассиси.
ЎзА