Фахримиз, ғуруримиз рамзи
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Давлат байроғи – фахрим, ғурурим” мавзуидаги тадбирда давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, ёзувчи-шоирлар, ҳарбийлар, маънавият тарғиботчилари, профессор-ўқитувчилар, институт тингловчилари ва курсантлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар байроғимиз бизни улуғ мақсадлар сари бошловчи буюк машъала эканини ҳамда давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли бўлиш билан бирга миллат шаъни сифатида юксак эъзозланиши хусусида фикр билдирди.
Давлатимиз байроғи қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди, шеърлар ўқилди.
– Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги жўмардликни кўриб фахрланамиз, – деди полковник Абдуазим Аҳмадхўжаев. – Ана шундай лаҳзаларда ҳеч муболағасиз ватанимиз байроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин кўринишидир. Токи байроқ бор экан миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Ҳар бир инсон онгу шуурига ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Тадбир Ватан, байроғимиз ҳақидаги куй-қўшиқлар билан якунланди.