Эзгуликка йўғрилган қадриятлар
Наврўз. Кўҳна ва боқий қадрият! Неча-неча асрларнинг ардоғида қалбларга жо бўлиб келаётган эзгулик айёми.
Наврўзинг – янги кун, янги давронинг
муборак, жонажон Ўзбекистоним!
Наврўз табиат уйғониб, бўйи етган бўйни таратадиган, эзгу ниятлар билан бободеҳқонлар барака уруғини ерга қадайдиган, чорвадорлар “элимнинг илиги бут бўлсин“ дея серўт яйловларга подани ёядиган, янги меҳнат мавсуми бошланиб, одамлар қалбида табиатга ҳамоҳанг нафис тароватга йўғрилган янгиланиш ҳисси жўш урган бир даврда нишонланади.
Ушбу қадимий байрамнинг ўзига хос бўлган, асрлар давомида ҳар бир авлод томонидан сайқалланиб келаётган ажойиб анъаналари бор. Бу анъаналар қат-қатига меҳр-мурувват, тинчлик-тотувлик, аҳиллигу бирдамлик, серҳосиллик ва қут-барака, ободончилигу бунёдкорлик ғоялари сингиб, жон ва тан сингари уйғунлашиб кетган.
Азалдан халқимиз Наврўз байрами шодиёналарини “Бойчечак сайли“ билан бошлаган. Кўкламнинг илк кунларида астагина бош кўтариб, гўёки қиш устидан ғолиб бўлиб, “қаттиқ ердан қаталаб чиққан“ бойчечаклар кўриниши билан “бойчечак сайли“ маросими ўтказилган. Ушбу Наврўзолди маросимда болажонлар ўзлари териб келган бойчечакларни узун таёқ учига боғлаб, кўклам даракчиси сифатида маҳалла бўйлаб кўтариб, айланиб юришган. Кексалар, беморлар бойчечакни кўзларига суртиб, “Омонлик, омонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик. Янаги йил шу кунларга эсон-омон етайлик“ деб шукроналар айтганлар. Бойчечак хабарини олиб келганлар эса ширинликлар билан сийланган. Йил алмашадиган кун арафасида чор-атроф, ариқ-зовурлар тозаланиб, ниҳоллар экилган. Барча ободонлаштириш ишлари неча минг йиллик ҳашар анъанаси орқали амалга оширилган.
Хонадонларда давомий одатга кўра “уй кўтарилган“, ҳамма ёқ супуриб-сидирилиб, кераксиз эски буюмлар чиқариб ташланган. Заҳматкаш бободеҳқонларимиз ҳам серҳосилликни ният қилиб, экин экиладиган ерларга қўш чиқариб, “шох мойлар“ маросимини ўтказишган. Етти хил дондан Наврўз гўжалари, етти хил баҳорий кўкатлардан кўк сомсалар тайёрланиб, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар, маҳалла-кўй билан биргаликда баҳам кўрилган.
Меҳр-муҳаббат, ўзаро тотувлик, аҳилликни акс эттирадиган “Қозон тўлди“ удуми ҳам Наврўзолди удуми сифатида узоқ йиллардан буён нишонланиб келинади. Ушбу оилавий удум ҳут ойининг охирги кечасида ўтказилган. Ҳар бир хонадон бекалари бирор бир тансиқ таом, кўк сомса, туршак шарбати тайёрлаб, ўтган аждодлар ҳақига “ис“ чиқариб, бўғирсоқ пиширганлар. Тайёрланган таомлар қўни-қўшнилар, қариндошлар, бемор ва кекса кишилар яшайдиган хонадонларга улашилган. Бошланаётган йил қут-баракали келишини ният қилиб, уйдаги идишлар сувга тўлдириб қўйилган.
Кўпинча ушбу оқшомда Наврўзнинг шоҳ таоми, тансиҳатлик тимсоли саналган сумалак яқинлар, қариндош-уруғлар билан бирдамликда тайёрланган. Наврўз кунлари эса одамлар дала-қирларга, боғу роғларга сайлга чиққанлар. Гиламдек тўшалган майин майсалар устида турли ўйинлар ташкил этилган. Эр-йигитлар қадимдан янги йилда ҳосил мўл бўлишига гўёки сеҳрли таъсир кўрсатиш мақсадида ўйналган рамзий ўйин – “қўчқор уриштириш“, “кўпкари“ кабиларни авж олдирган.
Қиз-жувонлар эса тўпланишиб, боғлардаги азим дарахтларнинг шохларига арқон билан арғимчоқ ясашиб, “йил бўйи билиб-билмай қилган гуноҳларимиз тўкилсин“, дея ҳалинчак учганлар. Ҳатто кекса момолар ҳам “оғирлигим ерга тушиб, енгил бўлайин“, деб арғимчоқ учишган. Ёшлар эса момолари ёшига етишни орзу-ният қилиб, уларга ҳамроҳлик қилганлар. Ўзаро урушиб қолганлар яраштирилиб, гина-кудратлар унутилган. Биргалашиб баҳорни мадҳ этадиган қўшиқлар, лапарлар ижро этиб, баҳор айёми нишонланган...
Ҳар бири бир олам эзгу мақсадларга йўғрилган Наврўз билан боғлиқ маросимлар, урф-одату анъаналар талайгина. Эътиборли жиҳати шундаки, Наврўз анъаналари ҳақида тўхталар эканмиз, уларнинг барчасида “кўпчилик билан биргаликда“ деган сўз бирикмаси такрор қўлланилиши кишини тўлқинлантиради. Чиндан ҳам халқимиз азалдан бир-бирига ёндош бўлиб, эзгу мақсад сари ўзаро бирдамликда, ҳамжиҳатликда яшаган. Буни қутлуғ қадрият – Наврўз мисолида яққол кўриш мумкин. Кўклам нафаси уфуриши билан юртимиз бўйлаб турли хонадонларда дошқозонлар осилиб, Наврўз шоҳ таоми пиширилишининг гувоҳи бўламиз. Ажиб манзара... Сумалак пиширилаётган хонадон бамисли тўйхонадек гавжум. Кўпни кўрган нуроний боболар “данагидан мағзи ширин“ набираларига топишмоқлар, маталлар айтади. Момолар яхши ният билан сумалак ковлаётган қиз-жувонлар билан бирга қадимий термалар куйлайди. Тинчлик ва тотувликда, аҳиллик ва иноқликда шодиёналар қилади. Катта-катта сайллар ташкил этади.
Ҳа, бугунги нурафшон кунларда Наврўз ўз тарихий умри давомида чинакамига қадр топиб, қадриабад қадрият сифатида нишонланиб келинмоқда. Ҳали ҳамон бу айём одамлар қалбига буюк бунёдкорлик ишларини амалга оширишда руҳий-маънавий қувват бериб келмоқда. Унинг замиридаги бирдамлик, меҳнатсеварлик, яратувчанлик, меҳр-муҳаббат сингари кўплаб эзгу ғоялар ўсиб келаётган бугунги кун ёшларининг юксак маънавиятли бўлиб камол топишида муҳим аҳамиятга эга экани, шубҳасиз. Тарихи кўҳна замонларга туташ бўлган, асрлар давомида интизорлик билан кутилиб, нишонланиб келинаётган Наврўз байрами донишманд халқимизнинг бой тафаккур маҳсули, маънавиятининг кўзгусидир. Ушбу маънавият булоғидан баҳраманд бўлаётган давр ёшларига Наврўз байрами чинакамига аждодлардан муносиб мерос, бебаҳо туҳфадир.
Мунис ЖЎРАЕВА,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.