Эзгулик йўлидаги яна бир савобли ташаббус
Уруш хотираларини фахрийлару Ленинград қамали иштирокчилари, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ҳамюртларимиз ҳамон юракда чексиз изтироб, кўзда ёш билан хотирлайди.
Қайсидир нуроний эса бу мудҳиш хотираларни қалбда бир умр сақлаган ҳолда ҳадеб ёдга олавермайди. Сабаби уларни эслаш, айтишнинг ўзи жуда оғриқли жараён эканини фахрийлар билан суҳбатлашиб, кўп марта англаганмиз.
9 май -– Хотира ва қадрлаш куни бу йил мамлакатимизда янада кўтаринки руҳда нишонланди. Сафлари йил сайин сийраклашиб бораётган уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган инсонларга катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Моддий ва маънавий рағбат берилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон халқининг шонли Ғалабага қўшган ҳиссасига бағишланган китоб-альбомлар, адабий-бадиий нашрлар чоп этилди. Турли ижодий кўргазмалар, фотоэкспозициялар ўша оғир кунларни нуронийлар хотирасида қайта жонлантирган бўлса, ёшларни ҳаётни, унинг неъматларини қадрлашга чорлади.
Ҳаётнинг ўз қонуниятлари бор. Бугун ҳатто уруш йиллардан сал аввалроқ ёки ўша даврда туғилган ҳамюртларимиз ҳам саксондан ошиб, бировлар етмиш ёшни қувиб ўтган. Вақт учқур отдек чопмоқда. Ҳар ҳолда наинки уруш ва меҳнат фахрийлари, балки ёши табаррук инсонларнинг анча бағрикенг, вазмин, сабру саботли, қийинчиликларга тик қарайдиган, яхшиликка хайрихоҳ, ҳаёт, тирикликнинг қадрига етадиган фазилатларига кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Табаррук ёшдаги ҳамюртларимизнинг бу фазилатлари олдида шу кунларда қилдан қийиқ ахтариб, кимнингдир гул ўғирлаётгани, яна бошқаларнинг хатти-ҳаракатини видеоларга муҳрлаб интернетни "портлатаётганлар"нинг "ижод намунаси" сариқ чақалик қимматга эга эмаслигини англаймиз!
11 май куни давлатимиз раҳбарининг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг моддий таъминотини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжат Ватан обрў-эътиборини юксалтириш, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашда фаол қатнашаётган қарияларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган фахрийларнинг моддий таъминотини яхшилаш йўлидаги яна бир ибратли ташаббусдир. Қутлуғ Рамазон байрами арафасида қабул қилинган бу фармон барча ҳамюртларимизни тинч ҳаёт, осойишта тонгларни, фариштадек нуронийларимизни қадрлаш, авайлаш йўлидаги ўзига хос чорловдир.
Назокат Усмонова, ЎзА