Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз
Сирдарё вилоятида “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Чоршам Рўзиев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Ҳанифа Зокирова, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мақом санъати маркази ансамбли хонандаси Сардор Ғофуров ҳамда маҳаллий санъат ва маданият ходимлари сирдарёликлар билан мулоқотда бўлди.


Сўзга чиққанлар Наврўз умумхалқ байрами, миллий урф-одат ва анъаналар ҳақида гапирди.
Тадбирда фарзандларига муносиб тарбия бериб, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган илм-фан, маданият, спорт каби йўналишларда ютуққа эришган ўқувчиларнинг оналарига, фарзанд тарбиялашдек масъулиятли ишни бажараётган муҳтарама онахонлар, мунис аёлларга миннатдорлик билдирилиб, уларга эсдалик совғалари тақдим этилди.


Сирдарёлик таниқли ёш шоир, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби, “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови ғолиби Ёрқинжон Ҳайитбоевнинг онаси Бувҳилол Эркабоева, икки нафар фан докторини тарбиялаган, турмуш машаққатларини сабот билан енгиб келган Замира Исмоиловага “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонлари тантанали топширилди.


–Бундан кейин ҳам “Маърифатли она – баркамол фарзандни тарбиялайди” деган эзгу ғоя асосида фарзандларининг илм-маърифатли бўлишига шарт-шароит яратиб берган мунис онахонлар, маърифатли аёллар айнан шундай нуфузли кўкрак-нишонлар билан тақдирланади, –дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитов. – Бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб, меҳр ва тарбия бериб вояга етказган буюк она сиймосига, мўътабар аёл зотига эътибор, давлатимиз ва жамиятимизнинг энг устувор вазифаси бўлиб қолади.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири