Эзгу мақсадларимизнинг азиз тимсоли
18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун
Ўзлигини англаган, миллий ғурурини ҳар недан устун билган инсон борки, унинг учун Ватан, ўзи туғилиб ўсган диёр билан бевосита боғлиқ тимсоллар азиз ва мўътабардир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу юртни ўз тақдири, келажаги, фарзандларининг эртанги куни билан вобаста кўрган инсонлар учун ҳам муқаддас саналади.
Жорий йилда маънавий ҳаётимизнинг узвий қисми, ифтихоримиз рамзига айланган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганига 32 йил тўлди.
Дарҳақиқат, ардоқли шоираларимиздан бири айтганидек, ўзи туғилиб ўсган юртнинг ҳурриятга юз тутишини, унинг ўз байроғи бўлишини қанчадан-қанча аждодларимиз орзу қилган. Шу ёруғ кунларга ета олмай дунёдан кўз юмган.
Ҳар бир давлатнинг ўз байроғи бор. Уларнинг кўриниши, ранглари, байроқдаги турли маъно-мазмунларни ўзида ифодалаган тасвирлар ҳам турфа. Айни дамда Ватанимизнинг муаззам байроғи, унинг бетакрор тасвири биз учун жуда азиз, қалбимизга ғоят яқин, ардоқли.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи. Ўз халқини омонликда, тинчликда, тўкинлик, фаровонликда, маърифатли кўришни мудом шиор қилган юртнинг орзу-мақсадлари унда мужассам. Бу байроқ мамлакатни янада обод, тўкис, билимли, шиддатли тараққиётга юз тутган, жаҳонда мисли кўрилмаган янгиланиш жараёнлари кечаётган Ўзбекистонимизнинг мўъжаз рамзидир.
Энг файзли ва гавжум гўшалар, маъмурий бинолар, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари, жаҳондаги нуфузли халқаро ташкилотлар пештоқида мағрур ҳилпирамоқда.
Юртимиздаги шиддатли ўзгаришларнинг тимсоли сифатида йирик сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақаларида она-Ватанимиз байроғини кўрамиз. Шунданми, чексиз ғурур, ифтихор, юрт тақдири, унинг тинчлиги, тараққиёти, фарзандларимиз келажаги учун масъулият туйғусини янада теранроқ англаймиз.
Шу кунларда мамлакатимиздаги барча жойларда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар, спорт мусобақалари, марафонлар, анжуманлар бўлиб ўтмоқда.
Бундай маърифий лойиҳалар ёш авлоднинг маънавиятини юксалтиришда, уларда ватанпарварлик, юртга, ўз халқига, туғилиб ўсган тупроғига содиқлик туйғусини мустаҳкам қарор топтиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ҳа, курраи заминимизда Ўзбекистон деган мўътабар диёр бор экан, унинг байроғи доимо юксакларда мағрур ҳилпирайверади!
Назокат Усмонова,
ЎзА