Эй, дунё, шундай гул пойингда увол...
ИЖОД САҲНИДА
Эрталаб бир майдон пиёда юрдим,
Ёлғиз, жим ўлтирган аёлни кўрдим.
Ўзига яшириниб турар эди у,
Кўнгилдан олисда юрар эди у.
Ҳолин бир сўрмоққа етмас кучларим,
Тонгдан тошиб турар эди сочлари.
Паришон зулфига ҳасрат осилган,
Нигоҳига соғинч муҳри босилган.
Кеча юрагида бир тўфон турган,
Ва бизнинг соҳилга отиб юборган.
Эҳтимол, ҳеч нима бўлмаган содир,
Аммо нигоҳлар ҳам сўйлашга қодир.
Кўрдим — кўзларига исён қамалган,
Кўрдим этикчаси силллиқ ямалган.
Ёнидан сўз демай, жим юриб ўтдим,
Чап елкам, чап юзим ловуллаб кетди...
Уйга чиқиб келдим, дилгир, бесабр,
Ҳали уйғонмабди Сурайё, Собир.
Аёл ошхонада ғимирлаётир,
Кичкинамиз энди қимирлаётир.
Телефонни топиб рақамлар тердим,
Тонгнинг рўйхатида бормикан девдим.
Аммо жавоб йўқдир, ухлаётгандир,
Балки нонуштасин қилаётгандир.
Кўнглида кимлардир бордир эҳтимол,
Эй, дунё, шундай гул пойингда увол...
...Сўнг аёл юзига солдим-ку разм,
Қоши аросинда шубҳакор базм.
Кўзимни деворга, суратга олдим,
Бир тонгда шунча кўп уқубат қолди.
Эрта уйғонишда шундай сир бордир,
Ухлаб ётганларга не фарқи бордир.
******
Тун қоровули
I.
Мен бир тунги қоровулман, туннинг қўриқчисиман,
Тонг ортилган тун карвонин қўриқлайман ўзимдан.
Қора барқут кийган оппоқ тушларнинг соқчисиман,
Гўдакларнинг уйқусига бекитаман кўзимдан.
Мен тунларга ёлланма-ю кундузларга мусофир,
Вақтим эса синган пулдай беҳисоб-у бечора.
Танимайман, бу ерликмас ё бир қочоқ муҳожир,
Офтоб кўрмас, ўз соясин ҳеч кўрмаган оввора.
Мен бир тунги қоровулман, туннинг карвонсаройи,
Қоранорлар қўзғалганда тунни омон кўраман.
Чироқларни ўчирмасдан, туннинг жойин банд этиб,
Уйқусида гапиринганларни ёмон кўраман.
II.
Эй, кундузнинг деҳқонлари, кечанинг меҳмонлари,
Эй, орзу қопқонлари, хаёлнинг ўпқонлари,
Эй, меҳмонга парво қилмай ухлаб ётган соддалар,
Эй, ўлимдан минг бор қўрққан, лек ҳаёти битталар,
Эй, биргача санашдан ҳеч нари ўтмаганлар,
Эй, минг бора меҳмон бўлиб, бир меҳмон кутмаганлар,
Умр бўйи қимор чийлаб, йўқ ғанимин йиққанлар,
Қачонлардир одамликдан нафақага чиққанлар,
Эй, ўзига ақли етмай, Оллони кузатганлар,
Эй, мотамда йиғлашни ҳам тартиблаб, тузатганлар,
Эй, минг йиллик бир кечани ўн соатга бўлганлар,
Курсигами чиқиб, бўйим бунча баланд деганлар,
Эй, дунёга келмай туриб мангу яшаб қолганлар,
Эй, ҳар йили бир туғилиб асли туғилмаганлар,
Эй, совқотган томонин офтобга тутаётганлар,
Ўтиб кетган карвонин интиқиб кутаётганлар,
Эй, қўлларда изтиробдан тўлиб турган қадаҳлар,
Шу ғуссадан минг бор ичиб маст бўлмаган огоҳлар,
Эй, шу қадаҳлар ортидан эврилиб кўринганлар,
Алпомишдай сарватлари соврилиб кўринганлар,
Эй, худони таниганлар, эй, худо таниганлар,
Эй, йўллари тугаб қолгач йўлсозни яниганлар,
Сабр тиши лабларига ботиб кетган собирлар,
Яловини юракларга илиб кетган ботирлар,
Эй, кўкраги “оҳ”га тўла, кулиб турган ҳалимлар,
Ҳақни кўриб ўз-ўзига чўкаётган салимлар,
Улуғ сознинг наърасини тулпор отдай сезганлар,
Асрларнинг сиртмоғию жиловини узганлар,
Эй, эркини қўлдан қўймай, қўли шол бўп қолганлар,
“Ота тил”деб бўзлайвериб, дудуқ бўлиб ўлганлар,
Эй, Тангрининг қабулини кутиб турган қадамлар,
Бир васлдан фариштага дўниб кетган санамлар,
Ҳўл қанотин қуритай, деб кўкдан тушиб келганлар,
Қанотига ўт туташиб, шу ўтга исинганлар,
Эй, кўнгилга маҳрам бўлиб азоб йўлин тутганлар,
Ва кўксида юрак билан юз кўрмас бўп кетганлар,
III.
Эй, кундузнинг имонлари, кечанинг гумонлари,
Сиз кўрмаган кўп тушларнинг жўраб, йўриқчисиман.
Тонгни суйган бандаларнинг менман кечабонлари,
Мен бир тунги қоровулман, туннинг қўриқчисиман.
Шодмонқул САЛОМ