Европада йирик тошқин: қурбонлар бор
Кучли ёмғир ва “Борис” номли тўфон сабаб Марказий ва Шарқий Европада сўнгги 10 йилдаги энг кучли сув тошқини хавфи юзага келди. Энг кўп ёғингарчилик Чехияга тўғри келди – сўнгги уч кун ичида тахминан уч ойлик миқдор.
“Bloomberg” нашри хабарига кўра, тошқин аллақачон етти кишининг ҳаётига зомин бўлган, минглаб уйни вайрон қилган. Руминияда тўрт киши ҳалок бўлди, жабрланган хонадонлар сони камида 5000 га етган.
Aвстрияда 4 ойлик меъёрга тенг ёғин икки кунда ёққан. Фуқароларни қутқариш амалиёти давомида бир ўт ўчирувчи қурбон берилди. Вена атрофи табиий офат ҳудуди сифатида эълон қилинди. Маҳаллий ҳукумат “мисли кўрилмаган экстремал вазият” ҳақида гапирмоқда. Польшада бир неча киши сув остида қолган. Бу маълумотни Бош вазир Дональд Туск тасдиқлади.
Баъзи ҳудудларида эвакуация эълон қилинган Чехиянинг CEZ энергетика компанияси мамлакат шимолидаги 51 мингга яқин хўжалик электр таъминотида узилишидан жабр кўрганига эътибор қаратди. Прагада сув босишига қарши махсус тўсиқлар ўрнатилди. 14 сентябрь куни жанубда тўғон ёрилиб кетди.

Aтроф-муҳит вазири Петр Хладик сешанбагача ёмғир давом этишидан огоҳлантириб, аҳолидан кўчишга тайёрланишни сўради.
Польша жануби-ғарбидаги Глухолази шаҳри расмийлари айтишича, дарё ўзанидан ошиб, кўчаларни сув босган. 15 сентябрь куни аҳоли баландроқ жойга кўчишга чақирилган. Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри – Краковда ҳокимият аҳолига сувдан ҳимояланиш учун қум тўлдирилган қопларни таклиф қилди.

Иқлим ўзгариши сабаб, дунёнинг турли минтақаларида бўлгани каби, Европада ҳам кучли ёғингарчилик эҳтимоли кучаймоқда. Иссиқ атмосфера намликни оширади. Натижада кучли ёмғир ёғади.
Чехия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги “Борис” бўрони сингари ҳодиса ҳар 50 йилда бир содир бўлишини таъкидлади. 2021 йил Европада юз берган кучли тошқиндан сўнг Жаҳон об-ҳаво прогнози тармоғи иқлим тез исиши туфайли Европада кучли сув тошиши эҳтимоли ортяпти, деган хулосага келди.
Г.Сатторова,
ЎзА