Европада ўрмон ёнғинлари: оммавий эвакуация давом этмоқда
Франциянинг жануби-ғарбидаги Жиронда ҳудудида авж олган ўрмон ёнғинлари Бордо шаҳри томон яқинлашмоқда. Охирги бир кечада яна 55 минг киши хавфсиз жойларга кўчирилди. Шу тариқа минтақада эвакуация қилинганлар сони 220 минг нафарга етди. Айни пайтда Испания пойтахти Мадрид атрофидаги ёнғинлар ҳамон давом этаётган бўлса-да, расмийлар вазият аста-секин назоратга олинаётганини билдирмоқда.
Франция ички ишлар вазири Лоран Нуньеснинг таъкидлашича, кучли шамол ва қурғоқчилик оловни жиловлашни анча қийинлаштирган. Ҳозиргача 42 минг гектардан ортиқ ўрмон ва бутазор майдони куйиб кетган. Бу Париж ҳудудидан қарийб тўрт баробар катта майдонга тенг.
Табиий офатни бартараф этиш ишларига 2 500 нафар ўт ўчирувчи, 18 та самолёт ва вертолёт, шунингдек ҳарбийлар жалб қилинган. Алангага қарши курашда қўшни давлатлар ҳам ҳаводан ёрдам кўрсатмоқда. Деҳқонлар эса махсус сув идишлари орқали қутқарувчиларни узлуксиз сув билан таъминлаяпти. Амалиётлар давомида 75 нафар ўт ўчирувчи турли жароҳатлар олган, юзлаб уйлар эса ёнғиндан зарар кўрган.
Испанияда ҳам вазият оғирлигича қолмоқда. 76 минг киши хавфсиз ҳудудларга кўчирилган, яна 30 минг аҳолига уйидан чиқмаслик тавсия этилган. Валенсия вилоятида бир киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Мамлакат бош вазири Педро Санчес олдинда ҳали қийин соатлар борлигини айтган бўлса-да, тунги саъй-ҳаракатлар натижасида олов тарқалиши маълум даражада чеклангани қайд этилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА