Европада ўрмон ёнғини 19 миллиард евро зарар келтирди
2026 йил бошидан буён Европада кузатилган вайронкор ўрмон ёнғини оқибатида етказилган иқтисодий талафот 19 миллиард евродан ошиб кетди.
Американинг “AccuWeather” метеорология компанияси таҳлилига кўра, офат шу кунгача 530 000 гектардан зиёд майдонни кулга айлантирган. Энг кўп зўриқишни Испания ва Франция бошдан кечирмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобга асосан, умумий молиявий йўқотиш 15,6-19,1 миллиард еврони ташкил этмоқда. Ушбу рақамлар инфратузилмага етган шикаст, офат асоратини бартараф этиш харажати, тадбиркорликдаги йўқотиш ва аҳоли саломатлигига етказилган зарарни қамраб олган.
Мутахассислар аномал иссиқ ва сурункали қурғоқчилик сабаб, камида кузгача янги ўрмон ёнғини келиб чиқиш хавфи юқори даражада сақланиб қолишидан огоҳлантирди. Метеорологлар тахминига кўра, энг хавфли вазият Ғарбий ва Марказий Европа ҳудудида кутиляпти. Франциянинг қатор вилоятлари, Испания шимоли ва Британия ороллари жанубий қисми энг юқори хавф зонасига киритилган. Скандинавия жануби, Италия, Болқон ярим ороли ва шарқий Европа мамлакатларида ҳам йирик алангаланиш содир бўлиш эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА