“Эводия” дарахти кўчати кўпайтирилади
Атмосфера мусаффолигини таъминлаш, юртимизни кўкаламзорлаштириш мақсадида мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Президентимиз раислигида ўтган йили 2 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизда 200 миллион туп кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
"Яшил макон" умуммиллий лойиҳа доирасида биргина Андижон вилоятида 15,5 миллион тупга яқин мевали, манзарали дарахт кўчатлари ва қаламчалар экилиши режалаштирилган. Ўтган йили кўчат экиш бўйича эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” тадбири давомида 7 миллион 54 минг туп, жорий йил баҳор ойида 9,5 миллион тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Вилоятда мазкур лойиҳа доирасида жорий - куз фаслида ҳам ишлар қизғин олиб борилмоқда. Маълумки, дарахтлар бизнинг нафас олишимизга ёрдам берадиган беминнат восита бўлиб, ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради, жазирама иссиқда салқинлик беради, атроф-муҳит ва экологик мусаффоликни таъминлайди.
Юртимизда кенг қулоч ёйган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар кўламини кенгайтириш, юртимизга бошқа давлатлардан ноёб, манзарали дарахт кўчатларини олиб келиш, маҳаллийлаштириш ва кўпайтириш борасида Андижон давлат университети табиий фанлар кафедраси олимлари томонидан эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, айни пайтда эводия деб аталувчи ноёб дарахт кўчатларини кўпайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Эводия дарахтининг асл ватани узоқ Шарқ – Хитой ва Корея ҳисобланади. Ҳозирда ушбу дарахтнинг кўплаб турлари мавжуд. Унинг ўзига хос жиҳатлари – чиройли манзара бериши, атрофга ширин ифор таратиши, совуқ ҳавода ҳам барглари яшил ҳолда туриши, гулидан кўп миқдорда асал йиғиш мумкинлиги ҳисобга олиниб, ушбу дарахт дунёнинг қатор давлатларида экилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, баландлиги 6 метрдан 20 метргача ўсадиган бир туп эводия дарахтининг гулидан 60 килодан 90 килогача асал йиғиш мумкин экан. Шу боис ҳам Буюк Британияликлар эводияни “Асал дарахти”, немислар эса “Ифорли бриллиант дарахт” деб аташар экан.
– Эводия ноёб, хушманзара дарахт бўлиб, шаҳарлар кўркига кўрк қўшади, – дейди Андижон давлат университети профессори Мўйдинжон Мўминов. – Тез ўсиб, учинчи йилдаёқ гуллашни бошлайди, 4-5 йилдаёқ баландлиги 15 метрга етади. Кейинчалик яна бир неча метрга ўсади. Ўзбекистон шароитида июнь ойидан то кеч кузга қадар гуллайди. Гуллари кўплаб нектар ва гулчанг ажратади. Деярли икки ой давомида асаларилар ушбу дарахт гулидан кун давомида нектар йиғиши мумкин. Юртимиз шароитида айнан шу даврда атрофда нектар берувчи манба кескин камайиб кетишини ҳисобга олсак, ушбу дарахт асаларичилик ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Асалари эводиянинг қуюқ сариқ рангдаги гулидан сифатли нектар йиғади. Асалари битта оёғида 9,2 мг. нектар тўплаши амалда кузатилган. Битта дарахт гулидан 60-90 килогача, гектаридан эса 5 тоннага яқин сифатли асал олиниши мумкин.
Эводия дарахти кўчатини етиштириш ва кўпайтириш андижонлик олимларнинг “яшил макон” умуммиллий лойиҳасига қўшган муносиб ҳиссаси бўлади. Ҳозирда университет олимлари томонидан эводиянинг “Даниэлла” нави кўчатлари олиб келиниб, махсус шароитда кўпайтириш, маҳаллийлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Гули кўп миқдорда асал берувчи ва ноёб доривор хусусиятга эга ушбу дарахтнинг “Рутоплодная” нави уруғларини олиб келиш, кўпайтириш бўйича амалий ишлар бошланган. Уруғ етказиб берувчи хорижий компания билан шартнома тузилиб, 2 минг дона эводия дарахти уруғи учун пул ўтказиб берилди. Насиб этса яқин йиллар ичида юртимиз кўчаларини хушманзара, ифор таратиб турувчи гўзал эводия дарахти ҳам безайди.
Ҳам хушманзара, ҳам ўта фойдали ушбу дарахт юртимиз мусаффолигини таъминлаш билан бирга, асал етиштириш имкониятини янада кенгайтиради.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА