Эътироф ва рағбат муваффақиятга етаклайди
Олмалиқ кон-металлургия комбинати нафақат ишлаб чиқаришда балки спорт соҳасида ҳам 2021 йилни қатор ютуқлар билан якунламоқда. Хусусан, футбол бўйича АГМК жамоаси суперлигада 3-ўринни эгаллаган бўлса, АГМК U21 жамоаси 1-ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, волейбол бўйича АГМК эркаклар жамоаси мамлакат чемпионатида фахрли 2-ўринни эгаллади. Суперкубокни ҳам қўлга киритди. Гандбол бўйича АГМК эркаклар жамоаси 2021 йилда мамлакат чемпиони бўлиб, мамлакат ва мустақиллик кубокларига сазовор бўлди. Ушбу спорт турида АГМК аёллар жамоаси турнир жадвалида 2-ўринни банд этган ҳолда, мамлакат кубогига эга чиқди.

Баскетбол бўйича АГМК аёллар жамоаси ҳам чемпион бўлиб, мамлакат ҳамда мустақиллик кубогини қўлга киритганини алоҳида қайд этиш жоиз. Комбинатнинг футзал жамоаси эса кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, АГМК U-21 жамоаси мураббийи Аъзам Шерғозиев “Ўзбекистоннинг энг яхши ёшлар мураббийи” , АГМК-W жамоаси мураббийси Илҳом Ханжариев “Ўзбекистоннинг энг яхши аёллар мураббийи” совринлари билан тақдирланди.
“Металлург” маданият саройида юқорида номлари зикр этилган жамоалар ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда, Ўзбекистон футбол ассосиацияси вице президенти Одил Аҳмедов, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директори Диёр Имомхўжаев ҳамда ОКМК бошқаруви раиси, АГМК ФК президенти Абдулла Хурсанов, АГМК ФК бош мураббийи Миржалол Қосимовлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган ОКМК бошқаруви раиси, АГМК ФК президенти Абдулла Хурсанов комбинатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, комбинат нафақат ишлаб чиқаришда балки спортда ҳам оламшумул ютуқларга эришаётганини таъкидлади. Барчани яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан қутлаб, 2022 йилда ҳам бу каби ютуқлар бардавом бўлишини тилади.
Тақдирлаш маросимида АГМК ФК жамоасига бронза медалллари, АГМК U21 жамоасига олтин медаллар тантанали равишда топширилди. Бундан ташқари, гандбол, волейбол ва баскетбол жамоаларига ҳам медаллар ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Паралимпия ўйинларида 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича бронза медалини қўлга киритган Ислам Асланов ҳам комбинат раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совға билан мукофотланди. Маросимда ОКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши жисмоний тарбия-спорт бўлими бошлиғи Ҳоким Бохиров ҳам рағбатлантирилди.
Санъат усталари томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
А.Мусаев, ЎзА.