Эътироф – чин меҳнат самараси
Президентимизнинг жорий йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида”га фармонига мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ва унинг тизимидаги ташкилотларда фаолият юритиб келаётган ходимлар “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шу муносабат билан «Ўзбекгидроэнерго» АЖда тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб маълум қилди жамият ахборот хизмати. Қайд этилишича, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурханов ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов иштирок этиб, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Бошқарув раиси А.Сангинов таъкидлаганидек, ушбу эътироф гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган улкан ишлар ва ходимларнинг астойдил меҳнати самарасидир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан янги қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш борасида тизимли амалий ишлар олиб борилмоқда. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида янгидан қад ростлаган “Камолот” ГЭС ҳамда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида “Зарчоб-2” кичик ГЭС ишга туширилиши мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрамига муносиб туҳфа бўлади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА